ЎзА Ўзбек

13.12.2017 17:22 Чоп этиш версияси

Париж иқлим саммити: Жаҳон Банки газ ва нефт саноатини молиялаштиришни тўхтатмоқчи

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Франция пойтахтида иқлим ўзгаришларига багишланган халқаро саммит («Ягона сайёра саммити») бўлиб ўтди. Мазкур саммит Франция ташаббуси билан БМТ ва Жаҳон Банки ҳамкорлигида иқлим бўйича Париж келишувининг (2015) икки йиллик юбилейи муносабати билан давлат ва нодавлат ташкилотлар учун халқаро кўламдаги аниқ молиявий чора-тадбирлар ва мажбуриятларни қабул қилиш мақсадида ташкил этилди.

«Le Monde» газетасининг ёзишича, Париж Иқлим саммитида кўплаб давлат, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилишига қарши кураш чораларини молиялаштириш масаласи муҳокамалар марказида бўлди. Саммит иштирокчилар айрим молиявий мажбуриятлар, жумладан, иқлим ўзгаришларига қарши курашга оид 12 та чора-тадбирлар дастурини қабул қилинди.

Саммитда Жаҳон Банки 2019 йилдан бошлаб нефт ва газ саноатини молиялаштиришни тўхтатишини маълум қилди. «Agence France-Presse (AFP)» ахборот агентлигининг хабар беришича, халқаро корхона ва ташкилотлар ҳам қазилма энергия манбаларидан воз кечишни ваъда қилишган. Бироқ, Жаҳон банки айрим истисно ҳолларда, масалан, камбағал давлатларда, газ лойиҳаларини молиялаштиришни давом этиши мумкинлигини билдирди. Бунда, ушбу давлатларнинг энергия таъминоти учун мазкур лойиҳалардан оладиган фойдаси аниқ бўлиши ҳамда уларнинг Париж келишувига (2015) оид мажбуриятларига зид бўлмаслиги лозимлиги талаб этилади.

Зебинисо Рўзиева тайёрлади.

ЎзА
9 645