ЎзА Ўзбек

14.04.2020 Чоп этиш версияси

Пандемиядан кейин иқтисодиётини тиклаб оладиган дастлабки 5 та давлат қайси бўлади?

Пандемиядан кейин иқтисодиётини тиклаб оладиган дастлабки 5 та давлат қайси бўлади?
Европалик экспертлар ҳозирданоқ коронавирус офати якунлангандан сўнг қайси давлатлар иқтисодий таназзулдан биринчи бўлиб чиқиб кетишини прогноз қилишни бошлаб юборди, деб ёзади BBC.

Хусусан, жорий ҳафтада Австрия ҳукумати Европада биринчи бўлиб коронавирус билан боғлиқ чеклов чораларини босқичма-босқич бекор қилиш режаларини илгари сурди. Бироқ унинг кетидан яна қайси мамлакатлар бориши ҳозирча маълум эмас. Нима бўлганда ҳам, одатий ҳаётга қайтиш осон кечмайди.

Келинг, шу ўринда 2019 йилги “Иқтисодий хавфсизлик индекси”даги энг барқарор иқтисодиётга эга бўлган етакчи 10 давлатни кўрсатиб ўтсак.

Булар Норвегия, Дания, Швейцария, Германия, Финляндия, Швеция, Люксембург, Автрия, АҚШ(марказий штатлар), Буюк Британиядир.

Қайд этиш жоиз, ушбу индекс Американинг FM Global суғурта компанияси томонидан тузилган.

Мазкур рўйхат 130 та давлатдаги ишбилармонлик иқлими барқарорлиги ва уларни қайта тикланиш қобилияти асосида тузиб келинади.

Бунда мамлакатлардаги сиёсий барқарорлик, корпоратив бошқарув тизими муваффақиятлари, хатарларнинг пайдо бўлиши шароитлари, савдо занжирчалари учун логистик механизмларнинг яратилгани, бизнес муҳит шаффофлиги каби омиллар инобатга олинади.

У ёки бу давлатнинг пандемияга нисбатан дастлабки реакциясини солиштирган экспертлар улардан қайсилари инқироз пайтидан кейин иқтисодиётини энг тез тиклайдиган бештасини аниқлашди. Қуйида шулар билан таништириб ўтамиз.

Дания

Бу давлат “Индекс”да иккинчи ўринни эгаллаган. У таъминот тизимидаги назорат бўйича юқори баҳога эгалиги ҳамда бошқарув органларида коррупция даражаси жуда паст эканлиги билан ажралиб туради.

Инқироз бошланиши билан мамлакат қатъий чоралар кўрди, тезда ижтимоий масофа тизимини жорий этди, гарчи коронавирусни юқтириш билан боғлиқ саноқли ҳолатлар қайд этилган бўлса-да, 11 мартдан мактаблар ва иккинчи даражали хусусий корхоналар, 14 мартдан эса чегараларни ёпди.

“Аввалига бунга ишончсизлик билан қарадим, бироқ кейин кўплаб давлатлар айнан шу йўлдан борганини кўрдим ва энди ҳукуматимиз тўғри қилган деб ўйлаяпман”, — деди Копенгагендаги Pissup сайёҳлик агентлиги бошқарувчи ҳамкори Расмус Кристиансен.

Данияликлар ҳамиша ўз ҳукуматига ишониб келган ва халқ манфаатлари йўлида доим бирлашишга тайёрдир. Айнан шу жиҳат қабул қилинган чоралар самарадорлигини оширди.

“Бугун Дания ОАВ ва ижтимоий тармоқларида samfundssind сўзи(уни “фуқаролик туйғуси” ёки “фуқаролик бурчи” деб таржима қилиш мумкин) урфдаги янги сўзга айланди ва кўпчилик данияликлар жамият олдида ўзларини маънан масъул деб билишади. Бу эса бутун жамият саломатлиги учун ниманидир қурбон қилишни англатади”, — дейди Кристиансен.


Сингапур

Сингапур иқтисодий хавфсизлик бўйича рейтингда 21-поғонада жойлашган. Бу кучли иқтисодиёт, паст даражадаги сиёсий хатарлар, яхши инфратузилма ва коррупция кўрсаткичларининг жуда камлиги шарофатидандир.

Мазкур давлат ҳам коронавирус тарқалишини ушлаб қолиш учун тезкорлик билан чоралар қабул қилди. Бу ерда инфекцияга йўлиққанлар сони ҳам у қадар кўп эмас.

“Биз ўз ҳукуматимизга ишонамиз, унинг инқироз пайтидаги ҳар бир қадами шаффофдир. Қоидага кўра, ҳукумат қандайдир чорани жорий қилса, биз унга риоя этамиз”, — деди маҳаллий аҳоли вакили, Konigle компанияси таҳлилчиси Констанс Тан.

Бироқ ўзини-ўзи изоляция қилиш қоидаларини бузаётганлар ҳам онда-сонда учраб турибди. Бундай шахслардан паспорти ва иш рухсатномаси олиб қўйилмоқда.

“Аммо, умуман олганда, бир тану жон бўлиб меҳнат қиляпмиз, жамиятда қандайдир норозилик намойиши рўй беришидан ёки одамлар кўчада ўлиб кетишидан ё иқтисодиётда беқарорлик рўй беришидан хавотирга тушишимизга эса асос йўқ”, — дейди Тан.

Сингапурдек кичик давлатнинг ҳам инқироздан чиқиши дунё иқтисодиёти соғломлашишига боғлиқ. Шунга қарамай, унинг аҳолиси ўз халқининг бахтли келажагига ишонмоқда.

Кўплаб компаниялар эса ходимларини масофадан ишлашга ўтказиб, янги шароитларга тезда мослашди. Ҳукумат томонидан эса Trace Together мобиль иловаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида коронавирус тарқалишини кузатиб бориш мумкин. Ушбу дастурни кўплаб сингапурликлар ўз смартфонларига юклаб олишган.


АҚШ

Мазкур давлатнинг кенг географик кўламини аниқ ифодалаш учун унинг ҳудуди “Индекс”да уч қисмга бўлинган — ғарбий, марказий ва шарқий минтақалар. Буларнинг барчаси рўйхатда юқори позициялар(9, 11 ва 22-ўрин)ни эгаллаган.

Маълумки, Нью-Йорк каби мегаполисларда коронавирус инфекцияси тарқалишини тўхтатиш жуда оғир кечяпти. Ишсизлик даражаси рекорд даражага етди(март охирида 6,6 млн. киши). Бу штатларнинг ярмидан кўпи ресторанлари, савдо корхоналари, кўчадан кирадиган мижозлар билан ишлайдиган бошқа бизнес тармоқларига қўшилиб ёпилгани билан боғлиқ, албатта.

Лекин АҚШ ҳукумати иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни тезда қабул қилди. Хусусан, бунинг учун 2 трлн. долларлик ёрдам пакети йўналтирилди. Ижтимоий масофани сақлаш жорий этилгани ҳам ўз самарасини берди. Якунда бу пандемия оқибатларини юмшатиши ва нормал иқтисодий ҳаётни тезда тиклаб олишга хизмат қилиши керак, деб ҳисоблашмоқда америкалик айрим экспертлар.

Goldman Sachs ва Morgan Stanley экспертлари эса иқтисодиётда вазият V шаклида ривожланиб, у йилнинг иккинчи ярмига келиб жуда қисқа вақтда оёққа туриши кузатилишини башорат қилишяпти.

АҚШ иқтисодиёти ҳолати дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам муҳимдир. Зеро, у дунё ЯИМнинг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бинобарин, дунё иқтисодиёти тикланиши АҚШ бу ишни қандай уддалаши билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

“Умуман айтганда, АҚШ иқтисодиёти бошқа давлатлар иқтисодиёти билан солиштирганда жиддий инқироздан кейин қайта тикланиш борасида яхши ҳолатда турибди. Унинг аҳолиси ўртача олганда дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ёш ва ғайратга тўла, меҳнат бозоридаги чекловлар эса унча катта эмас. Бу эса ишчи кучларини тезда қайта тақсимлаш имконини беради”, — дейди АҚШдаги Нотр-Дам хусусий университети иқтисодиёт профессори Эрик Симс.

АҚШ президенти маъмурияти халқини нормал ҳаётга қайтаришни тезлаштириш мақсадида мамлакатни вирусдан кам зарар кўрган ҳамда иқтисодий фаолликни тез тиклашга қодир ҳудудларга бўлиб чиқишни таклиф этди.

“Мазкур чора-тадбирлар кучли юксалиш учун зарур шароитлар яратишда катта аҳамият касб этади. Биз учун пуллар, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва ғоялар нафақат мамлакат ичида, балки бутун дунё бўйлаб иложи борича эркинроқ ҳаракатланиши керак”, — дея таъкидлади Америка иқтисодий тадқиқотлар институти илмий ходими Питер Эрл.


Руанда

Яқинда корпоратив бошқарув тизимидаги тараққиёт шарофати билан Руанда сўнгги йилларда “Индекс”даги ўрнини яхшилаб олди. У бу борада бирданига 35 поғона юқорига сакраб, 77-поғонани эгаллади. Африка давлатлари орасида бу 4-кўрсаткичдир.

Бироқ энг муҳими Руанда шу каби ва ҳатто бундан ҳам кўра хавфлироқ вирусларга қарши курашиш бўйича тажрибага эга. Шунинг учун ҳам мазкур мамлакат 2019 йилда ўз ҳудудида Эбола вируси тарқалишининг олдини ололган. Ўшанда ушбу инфекция унга қўшни бўлган Конго Демократик Республикасида авжига чиққанди

Халқ соғлиғини сақлаш, чегара ўтиш жойларида ҳароратни ўлчаш воситаларининг ўрнатилгани, дориларни олиб келишда дронлардан фойдаланиш каби жиҳатлар Руандани бу каби инқирозларга яхши тайёргарлик кўрганини англатади. Бу эса унга қўшниларига нисбатан пандемия пайтида барқарорликни сақлаб қолиш имконини беради.

“Кўплаб хорижлик талабалар қатори мен ҳам бу ерда қолдим. Чунки Руанда ҳукумати ўз мамлакатимизга нисбатан вазиятни яхшироқ бартараф эта олишига ишонамиз”, — дейди асли кениялик бўлган, Кигалидаги Африка бошқарув университетида таҳсил олаётган ва айни пайтда Baobab Consulting рақамли контенти эгаси Гарнетт Ачиенг.

Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган мамлакатлари орасида Руанда тўлиқ карантин жорий этган биринчи давлатга айланди. Бу ерда аҳолининг изоляцияга олинган ёрдамга муҳтож қатламлари учун бепул таом тарқатилади.

Гарчанд туризм соҳаси жиддий зарар кўраётган бўлса-да(Руанда халқаро конференциялар ва кўргазмалар ўтказиладиган машҳур жой ҳамдир), Гарнетт Ачиенг мамлакат вирусдан камроқ азият чекиши, бу эса унга нормал ҳаётга тезроқ қайтиши учун ёрдам беришига умид билдирди.


Янги Зеландия

Мазкур мамлакат рейтингда 12-ўринда. Бу у ерда корпоратив бошқарув ва таъминот соҳасидаги юқори натижалар билан боғлиқ.

Давлат ҳукумати пандемияга тезкорлик билан муносабат билдириб, 19 мартдан чет эллик сайёҳлар учун сарҳадларини ёпди, 25 мартдан эса хўжалик фаолиятининг иккинчи даражали корхоналари фаолиятини ҳам тўхтатди.

“Бизга орол давлат сифатида инфекция кириб келадиган чегараларимизни назорат қилиш нисбатан осонроқдир. Боз устига, чегараларимиз ўз вақтида ёпилди. Ўз навбатида бошқа мамлакатларга нисбатан Янги Зеландиянинг реакцияси мардонавор ва қатъий бўлди”, — деди Окленд шаҳрида яшовчи, Sense Partners консалтинг компанияси иқтисодиётчиси Шамубил Икуб.

Ва мазкур жиддий чоралар ўз самараларини беряпти: агар уларга келаётган бир неча ҳафта давомида риоя этиб борилса, вирус билан касалланиш ҳолатлари тўлиқ йўқ қилинади ва у нормал ҳаётга биринчилардан бўлиб қайтган мамлакатга айланади, деб ёзади The Guardian.

Бироқ туризм Янги Зеландия иқтисодиётининг асосий таркибий қисми эканлиги инобатга олинса, ушбу давлат маълум қийинчиликларга дуч келади.

Лекин умуман олганда, унда иқтисодиётини қайта барқарор оёққа турғазиш учун яхши имкониятлар мавжуд. Зеро, давлат қарзлари кам, иқтисодиётни пул массаси билан тўйинтириш ва шу вақтнинг ўзида фоиз ставкаларини ушлаб туриш салоҳияти сақланиб қолган.

2 165