ЎзА Ўзбек

15.04.2020 Чоп этиш версияси

Пандемия давридаги Туркия

Пандемия давридаги Туркия

Туркияда коронавирус илк бор 11 март куни аниқланган эди. 14 апрелга келиб, 83 миллион аҳолига эга Туркияда коронавирусни юқтирганлар умумий сони салкам 61 минг кишидан ошди, соғайганлар қарийб 4 минг, оламдан ўтганлар қарийб 1300 нафарни ташкил қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжанинг маълумотларига кўра, 600дан ортиқ тиббиёт ходимлари ва шифокорлар бу касалликни юқтирган.

17 мартдан буён жами 400 мингдан ортиқ тестлар ўтказилди. 50дан ортиқ мамлакатдан 20 минг туркиялик ўз юртига қайтарилди. Март ойи охирида 65 ёшдан катталарга ва сурункали касалликларга чалинганларга “комендантлик соати” жорий этилган бўлса, 3 апрелдан 20 ёшдан кичикларнинг кўчага чиқиши бутунлай тақиқлаб қўйилди.

Жаҳондаги энг йирик “Turkish Airlines” авиакомпанияси ҳам барча ички ва ташқи рейсларни тўхтатди.

11 апрелдан озиқ-овқат, айниқса нон маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб бериш хизматларининг узлуксиз ишлаши йўлга қўйилди. Шу кундан бошлаб компаниялар ўз ходимларини яқин 3 ой давомида ишдан бўшата олмаслиги қонунан белгилаб қўйилди. Иш берувчи истагига кўра, ходим ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилиши мумкин, бироқ бундай ҳолатда унга кунига 5 доллар миқдорида суғурта пули тўлаб борилиши шарт. Туркия меҳнат ва оила вазирлиги мамлакатдаги 1,1 миллион фуқарога 30 доллардан бир марталик ёрдам пули беришга киришди. Бу кишиларнинг даромади камбағаллик чегарасидан ҳам паст деб баҳоланмоқда.

Парламент тиббиёт ходимларининг зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Пандемия шароитида улар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зўравонлик ва қўполликларга дучор бўлишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Туркиянинг қудратли соғлиқни сақлаш тизими, ниқоблар, махсус ҳимоя воситалари, дезинфекция воситалари ишлаб чиқарувчи саноати ва касалликларга қарши курашишнинг замонавий инфратузилмаси яратилганига қарамай, кутилмаганда келган ушбу фожиа олдида барча бирдек ожиз бўлиб қолмоқда.

Шу сабабли зудлик билан Истанбулда ҳар бири минг ўринли бўлган иккита ихтисослашган янги шифохона қурилиши бошланган. 20-65 ёшдаги барча фуқароларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия почта хизмати мувофиқлаштириши орқали ҳар куни беғараз ёрдам асосида 5 тадан ниқоб етказиб бермоқда.

Анқара университети ҳузуридаги Биотехнологиялар институти профессори Айкут Озкулу коронавирусга қарши даво топганини расмий эълон қилди. Бу COVID-19га қарши зардоб, вакцина ва дори яратиш жараёнидаги илк қадам эканлиги таъкидланмоқда. Эгей университети олимлар гуруҳи антитаначалар ўхшашини синовдан ўтказишни бошлашди. Лойиҳа Туркия илмий-тадқиқотлар кенгаши ҳузуридаги “Мармара” тадқиқотлар маркази Ген муҳандислиги ва биотехнология тадқиқотлари институти томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Хитой каби катта тажриба тўпланган давлатлар шифокорлари билан доимий видеоконференция тарзида мулоқотлар олиб бориляпти. Вирус аломатлари пайдо бўлган шахслар, жумладан хорижликлар 112 махсус қисқа телефон рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин. Тиббий тез ёрдам беғараз асосда кўрсатилади.

Шу билан бирга, бу хавфли касалликка чалинганларнинг исми-шарифи, касби ва яшаш манзиллари ҳақида хабарлар оммавий берилмаяти ва умумий рақамлар билан чекланиб қолинмоқда.

Ҳозирга қадар 19 мингга яқин шахслар карантин қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Ички ишлар вазирлиги томонидан 300 га яқин шахслар ижтимоий тармоқларда пандемия ҳақида иғвогарона хабарлар тарқатгани учун қўлга олинди, 3576 та ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар текширилди ва тегишли чоралар қўлланди.

Адлия вазирлиги таклифи билан Парламент жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 300 минг шахснинг 90 минг нафарини озод қилиш масаласини муҳокама қилди. Уларни уй қамоғига ўтказиш ёки жазо муддатининг ярмидан кўпини ўтаб бўлган бўлса, шартли-муддатидан олдин озод этилиши таклифи илгари сурилди. Ушбу режани ўзига жам қилган қонун лойиҳаси 14 апрелда маъқулланди.

Экспертлар Туркиянинг ушбу кураш жараёнида энг катта хатоси Эрон билан чегарани кеч ёпгани ва халқаро авиақатновларни кеч бекор қилгани, бошланғич босқичда тестларнинг етарли миқдорда эмаслиги бўлди, деб ҳисоблашмоқда.

“Биргаликда биз кучмиз, биргаликда Туркиямиз”, “Ҳаёт – уйдадир!” шиорлари остида миллий бирдамлик кампанияси кетмоқда. Вирусга қарши курашиш даврида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш учун Махсус хайрия жамғармаси тузилди. Р.Эрдоған ва барча ҳукумат аъзолари ўзларининг маошларини мазкур жамғармага хайрия қилишди.

Иқтисодий талофат мисли кўрилмаган даражада бўлиши тахмин қилинмоқда. Хусусан бу бало сабабли 210 мингдан ортиқ хусусий корхоналар ёпилди. Туркия етакчи давлат банклари пандемиядан зарар кўрган миллий компанияларни кредитлаш дастурларини амалга оширишни бошлашди. Имтиёзли кредитлар олинган кунидан бошлаб олти ой муддатга тўловлари кечиктирилди. Кредитларнинг фоиз ставкалари 36 ой давомида 7,5 фоиз қилиб белгиланди.

Туркияда ишлаб чиқарилаётган, хорижда талабгир маҳсулотларга масалан, лимон (ҳар йили 150-200 минг тонна) экспортига чеклов қўйилди. Туризм тармоғида кўрилаётган катта зарардан келиб чиқиб, пандемия ортда қолгач, ички сайёҳликни ривожлантириш бўйича стратегия ҳозирданоқ ишлаб чиқилмоқда. Чунки шу кунларда биргина Анталияда 100 минг нафар соҳа ходимлари иш жойларидан маҳрум бўлиб қолди.

Расмий Анқара НАТО, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш доирасида қатор онлайн мулоқотлар олиб бормоқда ва пандемияга қарши кураш борасида барча давлатлар интилишларини бирлаштиришга келишиб олмоқда.

Мамлакатнинг ўзида аҳвол оғир бўлишига қарамай, Ливия, Ливан Фаластин, Исроил, Буюк Британия, Италия, Испания, Шимолий Македония, Сербия, Босния ва Герцеговина каби давлатларга тиббий ёрдам, ҳимоя кийимлари, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этаётгани айниқса эътиборга моликдир.

Истанбул университети тиббиёт факультети профессори, пульмонолог Зеки Қиличасланнинг айтишича, “коронавирусга чалинганлар сони май ойи бошида бориб ўзининг энг юқори чўққисига чиқади ва шундан кейин пасайиш юз беради. Май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб чекловлар секин-аста ечилади, аммо айрим чоралар узоқ муддатларга сақланиб қолиши мумкин. Касаллик жаҳонда иқтисодий ва ижтимоий инқирозни кучайтиради. Кўплаб давлатлар Халқаро валюта жамғармаси ёрдамига муҳтож бўлади ва инқирозга қарши дастурларни унинг назоратини амалга оширишга мажбур бўлади”.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси ҳамда мамлакатимизнинг Истанбулдаги бош консуллиги ва Анқарадаги элчихонаси амалий ишлари билан мингга яқин ватандошларимиз ўз она юртимизга қайтарилди ҳамда карантинга жойлаштирилди.

Шунингдек, бугунги кунда Туркияда таҳсил олаётган талабалар, турли юмушлар билан келган ва қийин ҳолатга тушиб қолган минглаб ўзбекистонликларга ҳар томонлама кўмаклар кўрсатилмоқда, уларнинг ҳимояси бўйича зарурий ёрдамлар кўрсатилаяпти.

Манижа БАҲРИЕВА,
Халқаро шархловчи

3 623
ЎзА