ЎзА Ўзбек

06.04.2020 Чоп этиш версияси

Қозоғистонда коронавирусга тест тизими синовдан ўтказилади

Қозоғистонда коронавирусга тест тизими синовдан ўтказилади

Қозоғистонда коронавирусни аниқлаш учун зарур бўладиган тест тизими ишлаб чиқилди. Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг матбуот хизматидан маълум қилишларича, бунга Ўта хавфли инфекциялар ва Биотехнологиялар Миллий илмий марказлари олимлари мувафақ бўлишган.

Давлат раҳбари ҳар икки Миллий марказ мутахассисларини мазкур муҳим воқеа муносабати билан қутлади ва олимларни жуда қисқа фурсатда халқаро стандартлар асосидаги тестлар тизимини ярата олгани учун олқишлади.

"Сиз эришган ютуқлар юртимиз биотиббиёт соҳасининг юқори рақобатбардошлик даражасини, бутун дунёда коронавирус инфекцияси янада кенг тарқалишига қарши кураш қизғин давом этаётган бир шароитда бу борадаги ишланмаларимиз юксак салоҳиятга эга эканини намоён этади", – дейилган Тоқаевнинг баёнотида.

Айни пайтгача Қозоғистонда 600 га яқин коронавирусга йўлиққан беморлардан 6 нафари вафот этган.

Мамлакатда 16 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинган, Нур-Султон, Олма-Ота ва Чимкент каби йирик шаҳарларда ҳукумат томонидан карантин тартиби жорий этилган.

2 044
ЎзА