ЎзА Ўзбек

27.09.2019 Чоп этиш версияси

Қозоғистон зиммасидаги мажбуриятдан ортиқ нефть қазиб олмайди

Қозоғистон зиммасидаги мажбуриятдан ортиқ нефть қазиб олмайди

Саудия Арабистонида ишлаб чиқариш пасайгани туфайли нефть бозорида юзага келган йўқотишлардан Қозоғистон фойдаланиб қолмайди, дея баёнот берди Қозоғистон энергетика вазири Қанат Бозумбаев.

“Саудиялик ҳамкасбларимиз дуч келган муаммодан Қозоғистон фойдаланиши ҳақида гапириш ахлоққа тўғри келмайди. Нефть бозорида беш миллион баррел йўқотиш нима дегани? Бугунги кунда Қозоғистоннинг қазиб олиши 1,8 миллион баррел. Шундай экан, биз қанчалик ҳаракат қилмайлик бу имкониятни қоплай олмаймиз”, дея “Интерфакс” агентлиги 26 сентябрда Нур-Султондаги анжуманда чиқиш қилган вазирБозумбаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради.

“Биз ОПЕК+ билан келишув асосида зиммамизга қатьий мажбурият олганмиз ва биз бу мажбуриятга содиқ қолиб прогноз қилинган даврга қадар яъни 2020 йилнинг мартигача бир кунда 1 миллион 860 баррелдан ортиқ нефть қазиб олмаймиз”, дея қўшимча қилди Бозумбаев.

Ўтган ҳафтада маҳаллий ОАВ Уммон нефть вазири Мухаммад ар-Румхининг бир нечта мамлакат, жумладан Қозоғистон ОПЕК+ доирасида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажармасликлари эҳтимоли ҳақида баёнот бергани ҳақида маълум қилган эди.

Қозоғистон энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, 2019 йилнинг саккиз ойида ўртача кунлик нефть қазиб олиш 1,79 миллион баррелни ташкил қилган. Бу шартномадаги ҳажмдан 64 минг баррель кам деганидир.

Саудиянинг Aramco нефть гиганти баёнот бериб, 14 сентябрь куни дронларнинг ҳужуми оқибатида Саудия Арабистонининг бир кунда нефть қазиб олиши 5,7 миллион баррелга қисқарганини маълум қилган эди, бу подшоҳликда нефть қазиб олиш тенг ярмига қисқарганини англатади. Саудия Арабистони ҳиссасига жаҳонда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 10 фоизга яқини тўғри келади.

4 397
ЎзА