ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Қосим-Жомарт ТОКАЕВ: “Қозоғистон либераллаштириш ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиш йўналишига содиқ”

Қосим-Жомарт ТОКАЕВ: “Қозоғистон либераллаштириш ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиш йўналишига содиқ”

ШАРҲ

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев биринчи марта халққа Мурожаат билан чиқди. У яқин истиқболда мамлакат олдида турган энг муҳим вазифаларга тўхталди.

Айтиш жоизки, Марказий Осиёнинг “локомотив”ларидан бири Қозоғистон Республикаси яна чинакам раҳбарга ёлчиди. Қозоғистон истиқлол йилларида мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Аммо ҳаёт шиддат билан ривожланмоқда. Глобал миқёсда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун тараққиёт стратегиясига оид ёндашувларни ўзгартириш лозим.

Президент Қосим-Жомарт Токаев давлат тепасига келган кунидан бошлаб ислоҳотчи президент эканини намойиш этди.

Қозоғистон ҳақида гап кетганда кўз олдимизга динамик тарзда бозор иқтисодиёти йўлидан ривожланаётган, кучли ижтимоий ва фуқаролик институтлари эга замонавий ва прогрессив мамлакат келади.

Биринчи президент Нурсултон Назарбоев бошчилигида Қозоғистонда мамлакатни тинч йўлдан етаклаш ва фуқароларнинг фаровонлигини янада оширишнинг мустаҳкам пойдевори қурилган.

Кескин конституциявий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилди. Шундай бўлса-да, Президент Токаевнинг мавжуд тараққиётдан кўнгли тўлаётгани йўқ. Энди мамлакатни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш вақти аллақачон етиб келди.

Ўзининг Қозоғистон халқига биринчи Мурожаатномасида Қосим-Жомарт Токаев ҳокимиятнинг барча бўғинлари, давлат органининг ҳар бир раҳбари, ҳар бир давлат компанияларига яқин йиллар учун аниқ ва тиниқ йўналишларни белгилаб берди.

Шубҳасиз, Қозоғистоннинг амалдаги президенти олдида турган энг оғриқли масала бу ечилиши лозим бўлган ижтимоий вазифалар, десак янглишмаган бўламиз. Масалан, август ойида мактаб ўқитувчи ва педагогларининг конференциясида тўрт йил мобайнида ўқитувчиларнинг маошини икки баробар ошириш топшириғи янграган бўлса, Мурожаатномада “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали ўқитувчининг жамиятдаги мақомини ошириш бўйича ўз режаларини сезиларли кенгайтирди.

Тан олиш керак, республиканинг таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларига харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизига етказишдек амбицияли режалари бор.

Қозоғистон бу кўрсаткичларга эришиш йўлида аста-секин, аммо тизимли тартибда одимламоқда, мақсадларга эришиш учун имкониятлар етарли. Хусусан, Миллий банк ва Миллий фонд захираларининг мавжудлиги Қозоғистоннинг барқарор суверен кредит рейтингини сақлаб турибди, бу эса кўзланган довонлар яқинлиги борасида дадил гапириш имконини беради.

Тиббий хизмат сифатни таъминлаш ҳақидаги баёнот ҳам халқнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Президент давлат бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми сақлаб қолинишини тасдиқлади. Дарвоқе, ҳажми охирги уч йилда 17 мартадан кўпроққа ошган ижтимоий кўмак тизими ҳам янада ривожлантирилади.

ИҚТИСОДИЁТСИЗ ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАР ИМКОНСИЗ

Токаев кучли ва барқарор иқтисодиётсиз ижтимоий ислоҳотлар имконсизлигини яхши тушунади. Шунинг учун Қозоғистон раҳбари иқтисодий вазифалар ечимида мамлакатни ривожлантириш пойдеворини кўради. Унинг фикрича, энг аввало, самарадорлик, илм-фан жадаллиги ва рақамлаштириш устувор касб этиши керак. Рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни бир неча баробар ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлиллар ҳам буни тасдиқлайди.

Мурожаатномада қишлоқ хўжалиги тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Аграр секторга катта умидлар боғланди. Бу бежиз эмас, албатта. Ахир, Қозоғистон ҳудуди бўйича дунёнинг 9-ўринда турувчи давлати. Агар ердан унумли фойдаланилса, Қозоғистон дондан ташқари, мева-сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари билан дунё бозорларини забт этиши мумкин. Токаев фикрича, аграр сектор бутун Қозоғистон иқтисодиётининг драйвери бўлиши керак.

Президент Токаев яна бир бор қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик ерлар хорижликларга сотилмасликни тасдиқлади. Ерлардан инсофсизларча фойдаланиш, тўғрироғи, ер участкаларидан айрим “латифундистлар”нинг фойдаланмаётгани муаммоси мавжуд бир пайтда ушбу баёнотнинг янграгани ўринли. Энди қишлоқ жойларида ердан унумли фойдаланиш юзасидан тафтиш ўтказилади.

Боз устига, Президент Мурожаатидан кейин ҳукуматни ерни бошқа давлатлар фуқароларига сотиш мақсадида айблаётган, мавзуни “чайнаётган” айрим мухолифларнинг овози “ўчди”. Шубҳасиз, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир.

ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

Маълумки, коррупция ҳар қандай жамиятни ичидан кемирувчи оғир ижтимоий иллат. Собиқ советлар маконида коррупция туфайли жамият ва бизнес қаттиқ талофат кўрмоқда. Қозоғистон Президентининг коррупциявий жиноятлар, порахўрлик ва тамаъгирликка қарши курашиш борасида билдирган фикрлари кичик ва ўрта бизнес вакилларини илҳомлантириб юборди.

Жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги соҳасида қонунийлик муҳимлиги, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги айтилди, айниқса, шахсга нисбатан оғир жиноятлар, жинсий дахлсизлик, маиший зўравонликка бошқа чидаб бўлмаслиги кун тартибига қўйилди.

Зўравонларни жазолашни кучайтиришга қаратилган урғу, бу – Президент ва унинг идораси жамиятга қарши қаратилган чақириқларга ҳозиржавоблигидан далолатдир. Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг кучли акс-садо берган ҳодисалари баҳор ва ёз ойларида жамоатчиликка ошкор бўлди, бу Президент эътиборидан четда қолмади. Мана энди олий минбардан туриб, зўравонлар ва педофилларга қарши жазони кучайтириш топшириғи берилди.

Қозоғистон Президенти фақат ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар билан чеклангани йўқ. Токаев ўз Мурожаатномасида яна либераллаштириш ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиш йўналишига содиқлигини тасдиқлади. У сиёсий рақобат ва кўп партиявийликни, ижтимоий ва фуқаровий мулоқотни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Қосим-Жомарт Токаев ўзининг халққа қилган биринчи Мурожаатида мамлакатда сиёсий рақобатни ривожлантириш ниятида эканини билдирди. Шунингдек, давлат аппарати ходимларини 25 фоизга қисқартириш режасини ошкор қилди. Токаевнинг фикрича, мамлакатда кўп партияли тизимни ривожлантириш керак.

“Давлат раҳбари сифатида, мен кўп партиявийлик, сиёсий рақобат ва мамлакатда фикрлар хилма-хиллигини ривожлантиришга ҳисса қўшишни вазифам деб биламан. Бу узоқ муддатли истиқболда сиёсий тизимнинг барқарорлиги учун муҳимдир”, дейилади мурожаатда. Шу билан бирга мамлакатда Конституцияга зид чорлов ва безориликлардан иборат бўлмаган тинчлик акциялари ва митингларини ўтказишга рухсат бериш кераклигини баён қилди.

“Агар акциялар қонун ва фуқаролар тинчини бузишга қаратилган бўлмаса, белгиланган тартибда уларни ўтказишга рухсат бериш, жумладан, уларга шаҳар четида бўлмаган махсус жойлар ажратилиши керак“. Шу нуқтаи назардан, президент Токаев қонунда белгиланган тартибда фуқароларнинг тинч акцияларда иштирок этишига йўл бериш учун тегишли тузилмаларга митинглар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш топшириғини берди.

Қозоғистон раҳбарининг бу баёнотлари нефт ва бошқа табиий ресурсларга бой Марказий Осий давлати яқин вақтларда нафақат иқтисодий юксалишни намойиш этмоқчи эканлигидан, балки мавжуд анъаналарга кўра, жамиятни демократлаштириш борасида кучли қадамларга қўл урмоқчи эканлигидан далолатдир. Президент Қосим-Жомарт Токаевнинг халққа йўллаган Мурожаатномаси давлат ва ҳукуматнинг ислоҳотлар йўлига содиқлиги ва қатъиятидан далолат беради.

ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР САРИ

Тан олиш керак, Қозоғистон Президентининг ушбу тарихий нутқидаги ҳар бир жумлага нисбатан интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ саҳифаларида жўшқин муносабат билдирилмоқда. Бу бежизга эмас, чунки Қозоғистон давлати раҳбари ўз нутқида халқона гапирди, одамларни дардини гапирди, уларни ич-ичидаги, юрак-юрагидаги кечинмаларини ўзларининг тилидан сўзлади.
Қозоқ халқининг қандай ҳаёт кечириши жиддий муҳокама этилди. Президент ҳар бир соҳага эътибор қаратди. Мамлакатнинг ютуқ ва камчиликларини рўйи-рост очиб берди, истиқболли таклиф ва тавсияларни илгари сурди.

Хулоса қилиб айтганда, Қосим-Жомарт Токаев ўзининг бу тарихий Мурожаатида жамиятнинг барча қатламида мавжуд бўлган ҳолатга тўғри ва оқилона баҳо бериб, ҳар бир соҳадаги муаммо ва камчиликни батамом тугатиш ва бартараф этиш зарурлигини, акс ҳолда, кутилган ижобий ўзгаришларга эришиш имконсиз эканини қатъий маълум қилди.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ

3 127
ЎзА