ЎзА Ўзбек

14.05.2020 Чоп этиш версияси

Олимлар “COVID-19”га қарши курашда қайси давлатлар кескин чоралар қўллаши кераклигини айтишди

Олимлар “COVID-19”га қарши курашда қайси давлатлар кескин чоралар қўллаши кераклигини айтишди

Хитойлик мутахассислар дунёнинг 60 мамлакатида эпидемия ривожланишини қиёсий таҳлил этиш натижасида қизиқарли бир хулосага келишди. “medRxiv” тиббий порталида эълон қилинган мазкур тадқиқот асосида олимлар 12 давлатни алоҳида ажратиб олишди. АҚШ, Канада ва Буюк Британия сингари жаҳоннинг энг кучли давлатлари ҳам киритилган мазкур рўйхатда қайд этилган мамлакатларда ўта кескин чоралар қўлламасдан, кундалик тестлар миқдорини мунтазам ошириб бормасдан эпидемияни тўхтатиб бўлмас экан.

Ҳисобот матнида ёзилишича, Биокимё ва молекуляр биология профессори Фу Синьмяо бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар пандемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакатларда янги коронавирус эпидемияси ривожланишини таҳлил қилиб чиқишди. Бу жараёнда "ҳар бир давлатдаги эпидемия ривожланишининг ўзига хосликларини аниқлаш муайян давлатда касалликка қарши курашга тайёргарликни кучайтириш, жавоб чораларини оптималлаштиришга ёрдам бериши" назарда тутилди.

Дунё бўйича ҳар кунлик янги касалланиш ҳолатлар сони қиёсий таҳлил этиб чиқилгач, изланувчилар ўрганилган давлатларни 4 гуруҳга бўлишди.

Биринчи гуруҳдан Хитой, Жанубий Корея, Испания, Италия, Германия, Эрон, Швейцария сингари 22 мамлакат ўрин олди. Бу давлатларда кундалик янги зарарланиш ҳолатлари касалликнинг юқори нуқтасидан ўтилгач, кейинги 14 кун давомида пасайиб боради. Иккинчи гуруҳда Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Украина, Беларусь, Марокаш, Қувайт, Эквадор каби 20 давлат қайд этилди. Ушбу юртларда "вақт ўтиши билан беморлар сонининг ҳар кунлик ўзгариш миқдори тез ёки секин ўсиб боради". Еттита мамлакат - Туркия, Панама, Финландия, Колумбия, Жанубий Африка, Аргентина ва Венгрия яна бир алоҳида гуруҳга ажратилган. Тўртинчи гуруҳга олимлар "муқим" даврга ўтиб олган 12 давлатни киритишди. Яъни, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Нидерландия, Польша, Швеция, Чили, Руминия, Жазоир, Молдова, Канада ва Филиппинда, мана икки ҳафтадан ошдики, кунлик вирус юқиш даражаси жуда юқори.

Шу билан бирга тадқиқотчилар бир ноодатий ҳолатни ҳам кузатишган. Маълум бўлишича, айрим ҳудудларда 14 кундан ҳам кўпроқ кунлар мобайнида кунлик янги касалланиш ҳолатларининг бир хил даражаси сақланиб қолган. Зеро, “COVID-19”нинг инкубацион даври 1 кундан 14 кунгача эканлиги, ўртача 5-6 кунлиги маълум. Бундан ташқари изланувчилар мазкур юртларда ҳар куни ўтказилаётган тестлар сони эпидемия чекинаётган мамлакатлардагига нисбатан сезиларли даражада кам ва шунга қарамасдан мусбат кўрсаткичлар миқдори анча юқори эканини ҳам аниқлашди.

"Айни маълумотлар шундан дарак берадики, муқим даврга тушиб олган давлатларда тест ўтказиш жараёни эпидемиянинг тарқалиш тезлигидан ортда қолмоқда. Янаям аниқроқ айтганда, кунлик тасдиқланган зарарланиш ҳолатлари аслида бир кунда вирус юқтирган кишиларнинг ҳақиқий сонидан анча кам... Демак, қайд қилинмаган ёки аниқланмаган касалланиш ҳолатлари вақт ўтгани сайин ортиб бораверади. Бу ўз-ўзидан вируснинг кенг тарқалиш суръатини янада тезлаштиради. Охир-оқибат эпидемияни вирус бутун аҳоли орасида тарқалиб кетмагунча, тўхтатишнинг иложи бўлмай қолади", - дейилади тадқиқот ҳисоботида.

Шунинг учун ҳам мутахассислар янги зарарланиш ҳолатларини имкон даражасида кўпроқ аниқлаш учун кундалик тест ўтказиш имкониятларини кенгайтириш, шу билан бир вақтда амалда инфекция юқиш ҳолатлари ошиб боришининг олдини олиш мақсадида карантин чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлашган.


1 722
ЎзА