Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 16:05 Чоп этиш версияси

​Океанлар кемалар қабристони...ми?

​Океанлар кемалар қабристони...ми?

БМТ мутахассислари қадимдан шу кунгача бўлган кемалар ҳалокатини ўрганар экан, бугунги кунда дунё океанлари тубида 3 миллионга яқин чўкиб кетган кемалар бор, деган фикрни илгари сурди. Шу сабабли ҳам жаҳон океанлари тубини “чўккан кемалар қабристони” деб аташ мумкин.

Океан тубида қадимги даврларга оид кемаларни, қароқчиларга тегишли кемаларни ва ҳарбий кемаларни учратиш мумкин. Бу кемалар турли даврларда ва турли сабабларга кўра чўкиб кетган. Денгизчилар орасида “қадимда чўккан кемалар бошқа кемаларни ўзига чорлайди”, деган гаплар ҳам юради.

Кемалар учун энг хавфли минтақа сифатида АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Хаттерас бурни соҳиллари дея тан олинган. Айни шу ерда совуқ Лабрадор оқими иссиқ Гольфстрим оқими билан тўқнашади. Кучли бўрон ва ўзгариб турувчи оқимлар тез-тез кемаларнинг ҳалокатга учрашига сабаб бўлади. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, айни шу ҳудуддан 1526 йилдан то шу кунга қадар мингдан ортиқ кема қолдиқлари топилган. Шу сабабли ҳам бу ерни АҚШнинг биринчи молия вазири Александр Гамильтон “Атлантика қабристони” деб атаган эди. У бу ерга маёқ ўрнатиш ташаббуси билан чиққан эди. Илк маёқ 1803 ўрнатилган бўлиб, у ҳамон денгизчиларни хавфдан огоҳлантиради.

Turks-Caicos-Grand-Turk-Governor-s-Beach-Shipwreck.jpg

Шуни таъкидлаш керакки, АҚШ Ҳарбий денгиз кучларининг биринчи броненосеци бўлмиш “Монитор” кемаси 1862 йилда худди шу ерда ҳалокатга учраган. Айни дамда бу ер Миллий тарихий ёдгорликлар ҳудуди дея эълон қилинган.

Канаданинг Сейбл оролини ҳам “кемалар қабристони” десак, янглишмаймиз. “Sable“ инглиз тилидан таржима қиладиган бўлсак, “қайғули”, “мотамли” деган маъноларни англатади. Ярим ой шаклидаги бу орол номига мос бўлиб, бу ерда 350 та кема ҳалокати қайд қилинган. Оролдаги маёққа қараб турувчи Дэвид Жонсоннинг фикрича, ҳар икки йилда учта кема ҳалокатга учрайди. Бу ерда кузатув ишлари 1800 йилдан бери олиб борилади. Бироқ бундан аввал ҳам оролда кемалар ҳалокати тез-тез юз бериб туриши манбаларда қайд қилинган. Сейбл ороли ва кемалар фалокати ҳақида географ Иоханн Ластв 1633 йилдаёқ ёзиб қолдирган эди.

Америкадаги Хаттерас буруни каби Канаданинг Сейбл ороли ҳам Атлантикадаги кемалар қабристони сифатида таърифланади. Бу ерда кемалар саёзликка ўтириб қолганларидан кейин икки-уч ой ўтиб бутунлай қумлар ичига шўнғиб кетади. Энг қизиғи, орадан маълум вақт ўтгач, қумлар ютиб юборган кемалар яна пайдо бўлиб қолади. Ҳозирча бу ҳодисага бирор илмий изоҳ берилганича йўқ. Оролнинг кўпинча ўз жойини ўзгартириб туриши ҳам фанга номаълумлигича қолмоқда. Сўнгги 200 йил мобайнида Сейбл ороли ўртача 230 метрга силжиди. Айни шу ҳолат юзлаб капитан ва денгизчиларнинг алданишига сабаб бўлди. Энг йирик фожиа 1898 йилда юз берган. Ўшанда Францияга тегишли “Ла Бургонь” йўловчилар кемаси қуюқ туман сабаб “Кромартишир” кемаси билан тўқнашиб кетган ва ҳодиса оқибатида 561 киши ҳалок бўлган.

article-0-19C50577000005DC-327_964x643.jpg

Ла-Манш бўғозида – Буюк Британиянинг Дувр шаҳри яқинида Гудвина саёзлиги бор. Бу ерда 2000 дан ортиқ кема ҳалокатга учрагани айтилади. Тахминларга кўра, бу орол Ломэа оролининг ювилиши оқибатида пайдо бўлган. Сув ювиб тургани боис қумлар ўз рангини ва жойини ўзгартириб туради. Бу ўз навбатида денгизчиларнинг ғафлатда қолишига сабаб бўлади. “Қум қопқони”га елканли кемалар тез-тез тушиб қолган. Ҳисоб-китобларга қараганда, Гудвина саёзлигида 50 000 ортиқ киши бедарак йўқолган. Маҳаллий аҳоли саёзликка ўтириб қолган кемалар ва одамларни қутқариш ёки қароқчилик эвазига ҳаёт кечиришганлари айтилади.

Болтиқ денгизида археологларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 1128 йилдан 1947 йилга қадар 26 703 та кема чўкиб кетган. Шундан 10 000 таси Россия соҳилларида, 2500 таси Фин кўрфазида экани айтилади. Тадқиқотчилар фикрича, чўккан кемаларнинг тўртдан бир қисми Россия флотига, 19 фоизи — Германияга, 17 фоизи — Буюк Британияга, 8 фоизи — Голландияга, 7 фоизи — Финландияга тегишли. Болтиқ денгизида кемалар турли сабабларга кўра, ҳарбий ҳаракатлар вақтида, ноқулай об-ҳаво туфайли, ўзаро тўқнашув натижасида ҳалокатга учраган. Россия олимлари денгиз тубида тадқиқот олиб борганларидан сўнг чўккан кемалар атласини яратишди. Бироқ улар кемаларни юқорига олиб чиқиш ниятида эмаслигини айтишади. Чунки Болтиқ денгизи Россия сув ости мероси бўлмиш кемаларнинг яхши сақланиши учун қулай экани айтилади.

truk.jpg

Болтиқ денгизидаги қизиқарли сирлардан бири – 1771 йилда ҳалокатга учраган Голландияга тегишли “Фрау Мария” кемасини мисол сифатида келтириш мумкин. 1999 йилда 41 метр чуқурликдан топилган мазкур кемада ноёб санъат асарлари бор эди. Ҳамон денгиз остида бўлган мазкур кемада Саксония фарфори, олтин ва кумуш ҳайкаллар, шунингдек, 300 га яқин картиналар бор. Кемани денгиз сатҳига олиб чиқиш учун 80 миллион евро миқдорида маблағ зарурлиги айтилади.

Европаликлар Америка ери ва у ердаги бойликлар ҳақида хабар топишгач, “олтин васвасаси” деб номланмиш аср бошланди. 1503 йилдан 1650 йилга қадар “океан орти”дан Испанияга 181133 килограмм олтин ва 16 886 815 килограмм кумуш олиб келинди. Олтин ортилган Испания кемалари Америкадан Европага Кариб денгизи орқали ўтарди. Аммо бу кемаларнинг ҳаммаси ҳам ўз манзилларига эсон-омон етиб борди, деб айтиб бўлмайди. Малакага эга бўлмаган денгизчилар, навигации тизимининг йўқлиги, хариталарининг ноаниқлиги, шунингдек минтақадаги кучли бўронлар туфайли кемалар ҳалокатга учраган. Қароқчилар томонидан кемаларнинг чўктириб юборилганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Кариб денгизида 1500 йилдан 1820 йилга қадар 850 кема ҳалокатга учраган. Шундан 340 таси ҳамон топилмаган. Биргина 1619 йилдан 1659 йилга қадар 673та кеманинг чўккани айтилади. Уларнинг кўпчилиги Катта Антил ороллари яқинида ҳалокатга учраган. Бу ерда камида 400 та елканли кема “кўмилган”.

مقبرة-الغواصات.png

Австралия Атроф-муҳит ва маданий меросни муҳофаза қилиш департаменти маълумотларига кўра, Квинсленд соҳилларида юзлаб кемалар абадий қўним топган. Маълумки, Австралияга келган биринчи босқинчилар тушган кемалар тез-тез ҳалокатга учрарди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА