ЎзА Ўзбек

08.09.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Океан ифлосланишига қарши курашишда янги технология

Океан ифлосланишига қарши курашишда янги технология Сайёрамизнинг энг катта муаммоларидан бири бўлган Тинч океани ифлосланишига қарши курашиш мақсадида янги ускуна – коллектор синови бошланди, деб хабар бермоқда "Sky News".

“Clean Up“ (елим чиқиндилардан тозаловчи ускуна) лойиҳаси голландиялик 24 ёшли ихтирочи томонидан яратилган. Тозаловчи қурилма сув сатҳида сунъий қирғоқ тарзида ҳаракатланиб, елим чиқиндилардан тозалайди.

Лойиҳа ташкилотчиларининг фикрича, мослама 5 йил давомида океандаги чиқиндиларнинг ярмини тозалаши мумкин. Анъанавий усулда бу муддат минг йилларни ташкил этар эди, дейилади хабарда.

Шунга қарамасдан, мутахассислар қурилма океаннинг ички муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда.

Уларнинг қайд этишича, бу тизим океан ҳаётининг бир қисмига айланиши мумкин. Асл мақсад эса океанни чиқиндилардан тозалашда давом этиш эмас, аксинча елим идишлар сувга оқизилишини камайтиришдан иборат бўлмоғи керак. Шу боис ҳам Калифорния соҳилбўйи комиссияси аъзоларидан айримлари уни “хомхаёл” деб атамоқда.

Тизим Сан-Франциско ёнида ишга тушиши мўлжалланмоқда. Синов дастлаб океаннинг 250 мил кенгликларигача, муваффақиятли ўтган тақдирда 1000 мил узоқликкача бўлган масофага чўзилиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, Тинч океанининг Калифорния штати ҳамда Гавайи ороллари оралиғидаги “гирдоб“ деб номланувчи қисмида тахминан 2 триллионга яқин елим чиқинди сузиб юради. Улар эгаллаган майдон Франция ҳудудидан 3 марта каттароқ.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
3 682