ЎзА Ўзбек

20.01.2018 12:11:21 Чоп этиш версияси

ОАВ: Марсда сабзавот етиштириш мумкин

Келажакда Марсга кўчиб борувчилар ўзлари билан озиқ-овқат олиб кетиши шарт эмас. Улар Ирландиянинг Лимерик шаҳрида етиштирилган уруғларни Қизил сайёрага еткизса, бас.

"Limerick Post"нашрида чоп этилган хабарга асосланиб, олимлар айрим сабзавот турларини Марс сайёраси шароитига мослаштираётгани ҳақида ёзмоқда ТАСС.

Яқин кунларда Лимерик технология университети селекционерларининг кўп йиллик тажрибалари асосида олинган янги уруғлар Антарктика станциясига жўнатилади. У ерда Қизил сайёра иқлимига мос шароитда( 40 даражагача совуқ ҳароратда) уруғлар ва кўчатлар синовдан ўтказилади. Кейинги босқич Халқаро космик станция. Станцияда 15 маданий ўсимлик жамланмаси - помидор, бодринг, уч хил салат барглари, булғор қалампири, редиска, исмалоқ, қулупнай ва хушбўй кўкатлар яна тажриба-синовдан ўтади.

– Марсда нафақат яшаб қоладиган, балки кўпаядиган ўсимликларни етишириш олдимизда турган эди, – дейди тадқиқот гуруҳи раҳбари, Мишель Беннетт. – Биз сабзавотларни нафақат экстремал шароитга мослаштирдик, балки уларнинг бирламчи мазасини ҳам сақлаб қола билдик. Бу ўсимликлар бутунлай ёпиқ бўлган лаборатория-контейнернинг ўзидаги сув, ҳаво, ўғитлар билан озуқланиб, ўсаверади.

Мазкур тажрибалар Европа, АҚШ ва Канаданинг 14 та етакчи университети иштирок этаётган халқаро “EDEN ISS” лойиҳасининг бир қисмидир.