Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 15:15 Чоп этиш версияси

ОАВ: Корея яриморолини ядродан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича декларация қабул қилиниши мумкин

Жорий йилнинг 27 апрель санасида ҳарбий кучлардан холи ҳудуд Пханмунжом чегара қисмида Шимолий ва Жанубий Корея давлатлари раҳбарлари Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Ин ўртасида учрашув бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Учрашувда икки мамлакат етакчилари Корея яриморолини ядро қуролсизлантириш бўйича декларация қабул қилиши мумкин, деб ёзади ТАСС "Kyodo" агентлиги тарқатган хабарга асосланиб.

Аслида 1992 йилда ҳам икки давлат ўртасида ядроқуролга эга бўлиш ва уни ишлаб чиқаришни тақиқловчи ҳужжат тасдиқланган эди. Кейинчалик Шимолий Корея ҳужжат мажбуриятларини бажаришдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойи бошида Ким Чен Ин Корея Республикаси Президенти элчиси билан учрашиб, мамлакатда мавжуд тузум учун хавфсизлик кафолатини олса ва ҳарбий таҳдидлар бартараф этилса, Пхеньяннинг ядроқуролга эга бўлишига ҳеч қандай сабаб қолмаслигини билдирган эди.

Яқинда Ким Чен Ин Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан бўлган Пекиндаги учрашувида ҳам агар АҚШ ва Жанубий Корея душманона сиёсатдан воз кечиб, ҳудудда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида ўз қадамларини қўйса, Пхеньян ядроқуролсизланиш босқичига тайёр эканини маълум қилган.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
5 699