ЎзА Ўзбек

14.10.2018 10:45:22 Чоп этиш версияси

Табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2091 кишига етди

ТАССнинг хабар беришича, Сулавеси оролидаги зилзила ва цунами сабабли ҳалок бўлганларнинг сони 2091 кишини ташкил қилди. Марказий Сулавеси провинциясининг расмий вакили баёнотида ана шундай рақамлар келтирилган.

Унинг сўзларига кўра, 12 октябрь куни тўлиқ қамровли қидирув-қутқарув амалиёти тугаганига қарамасдан, қутқарувчилар вайроналар остидан қурбонлар таналарини топишмоқда.

Табиий офатларнинг олдини олиш бўйича агентлик маълумотларига кўра, жабрланганларнинг умумий сони 10,6 минг кишидан ортиқ, улардан 2,5 мингдан кўпроғининг аҳволи жиддий. Шу билан бир қаторда, 680 нафардан зиёд кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Табиий офат туфайли 87 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, 28 сентябрда Марказий Сулавеси провинциясида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Шундан сўнг 530 дан кўп қайта силкинишлар қайд этилган. Бу эса тўлқинлар баландлиги 5-7 м бўлган цунаминиг юзага келишига олиб келди. Метеорология, иқлим ва геофизика агентлиги дастлабки зарбалардан 30 дақиқа ўтгач, цунами хавфи йўқлигини айтганди, чунки асбоблар тўлқинларнинг яқинлашувини қайд эта олмаган.