Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 10:56 Чоп этиш версияси

ОАВ: АҚШ қуролли кучлари Жанубий Кореядан кетмайди

ОАВ: АҚШ қуролли кучлари Жанубий Кореядан кетмайди Корея Республикаси президенти маъмуриятининг расмий вакили Шимолий ва Жанубий Корея билан тинчлик битими имзолангандан сўнг АҚШ қўшини мамлакатдан чиқиб кетиши эҳтимолини Мун Чже Ин рад этганини маълум қилди.

“Kyodo” агентлигига асосланиб, бу ҳақда ТАСС ёзади.

Таъкидланишича, Жанубий Кореяда АҚШ қуролли кучларининг қолиш ё қолмаслиги Шимолий Корея билан тинчлик битими имзоланишига боғлиқ эмас.

Президент маъмурияти вакилининг бундай баёнот беришига аввалроқ Мун Чже маслаҳатчиларидан бирининг “Foreign Affairs” журналига берган интервьюси сабаб бўлди. Маслаҳатчи Шимол ва Жануб ўртасида тинчлик битими имзоланса, бундан кейин АҚШ қўшинининг мамлакатда қолишини оқлаш қийин бўлади, деган мулоҳазани билдирган.

“Yonhap” агентлиги эса Жанубий Кореядаги АҚШ қуролли кучларининг кейинги тақдирига Мун Чже Ин маъмуриятининг бошқа вакили ҳам ойдинлик киритганини ёзади. Қайд этилишича, мамлакатдаги Америка қўшини Хитой, Япония сингари йирик кучларлар ўртасида воситачилик ролини ўйнайди ва шунинг учун ҳам у қолади

Маълумотларга кўра Корея Республикасида Қўшма Штатларнинг 28,5 мингта ҳарбий хизматчиси бор.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Жанубий ва Шимолий Корея етакчилари ҳарбий кучлардан холи ҳудуд Пханмунжом чегара қисмида олий даражада музокара олиб бориб, ўзаро тинчлик, Корея ярим оролини бирлаштириш ва тараққий эттиришга бағишланган Пханмунжом декларациясини имзолади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ эндиликда, Корея ярим оролини ядроқуролдан ҳоли ҳудудга айлантириш икки давлатнинг умумий мақсади саналади ва у босқичма-босқич амалга оширилади. Корея ярим оролида ҳеч қачон уруш бўлмайди. Жануб ва Шимол бир-бирига ҳар қандай душманона ҳаракатни тўхтатади. Иккала томон олий ва бошқа даражадаги фаол музокараларга доим киришади. Жанубий ва Шимолий Корея темир йўллари бирлаштирилади.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
8 791