Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.06.2018 15:22 Чоп этиш версияси

ОАВ: АҚШ Ироқ ва Сурия чегарасида янги ҳарбий база қурмоқда

ОАВ: АҚШ Ироқ ва Сурия чегарасида янги ҳарбий база қурмоқда
АҚШ Сурия чегарасида, Ироқнинг Синжар туманида янги ҳарбий базани қурмоқда. Бу ҳақда якшанба куни маҳаллий Sot Al Iraq ахборот портали хабар тарқатди, деб ёзмоқда ТАСС.
Синжарда жойлашган АҚШ ҳарбийларининг вазифаси Ироқ-Сурия чегарасини назорат қилишдир. Манбада келтирилишича, Ироқнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган ушбу тоғли ҳудудга АҚШ қуролли кучлари жума куни 15 та зирҳли транспорт воситасида етиб келган.

АҚШ 2011 йил декабрь ойида ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқиб кетганди. 2014 йил август ойида эса «Ислом давлати» террорчи гуруҳи томонидан мамлакатнинг йирик ҳудудлари ишғол қилингандан сўнг Ироққа қайтди. Ироқ Бош Вазири Ҳайдар Ал-Ободи 2017 йилнинг декабрь ойида гуруҳ устидан ғалаба қозонилганини эълон қилган. Террорчиларни йўқ қилиш амалиётлари АҚШ бошчилигидаги коалициянинг ёрдами билан амалга оширилди. Февраль ойи бошларида Ироқ бош вазири Бағдод иттифоқдошлар кучларини аста-секин камайтириш учун режа қабул қилгани ҳақида баёнот берди.

Ироқ матбуоти маълумотларига кўра, айни пайтда Ироқда 5 ярим мингга яқин америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган. Уларнинг аксарияти Сурия билан чегарада, республиканинг шимолида ва ғарбида қўним топишган. Ироқ парламенти март ойида ҳукуматдан хорижий қўшинларни мамлакатдан олиб чиқиш шартларини белгилаб қўйишни талаб қилди. Вазирлар Маҳкамаси парламент аъзолари илтимосига ҳанузгача жавоб бергани йўқ.

Синжар “Ислом давлати” терорчилари томонидан 2014 йилнинг август ойида эгаллаб олинганди, 2015 йилнинг сўнггида ҳудуд озод этилди.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
3 355