ЎзА Ўзбек

26.07.2018 01:07 Чоп этиш версияси

Оқ уйда Трамп ва Путиннинг навбатдаги учрашуви ҳақида эълон қилишди

Оқ уйда Трамп ва Путиннинг навбатдаги учрашуви ҳақида эълон қилишди
АҚШ президенти Дональд Трамп Россия етакчиси билан учрашувни АҚШда ўтган президент сайловларига “Россиянинг аралашуви” бўйича текширувлар якунига етгач, яъни 2019 йилда ўтказишни хоҳлайди. Бу ҳақида Америка етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

“Президент Трамп президент Путин билан навбатдаги икки томонлама музокаралар “Россия жодугарлар ови” якунига етгач ташкил этилиши керак, деб ҳисоблайди. Шу сабабли биз буни 2019 йилнинг биринчи санасидан кейин амалга оширишга келишиб олдик“, — дея, Болтоннинг сўзларини келтиради Оқ уй матбуот хизмати.

Хабарда Трамп ёрдамчилари ёки Россиядан айнан ким томонидан келишув амалга оширилгани айтилмаган.

Трамп одатда АҚШдаги 2016 йилги сайловларга Россиянинг аралашуви ва уни Россия ҳукумати билан тахминий алоқалари ҳақидаги текширувларни “Россия жодугарлар ови” деб атайди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг узоқ кутилган учрашуви 16 июль куни Финляндия пойтахти Хельсинкида бўлиб ўтди. Президентлар дастлаб икки соатдан кўпроқ вақт мобайнида тет-а-тет форматида суҳбат қилишди. Шундан сўнг делегациялар кенгайтирилган таркибда тушлик қилиб, кейин журналистлар саволларига жавоб беришди. Учрашув якунида етакчилар икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қизиқиш борлиги ҳақида баёнот беришди.
Кремл ва Оқ уй томонидан рад этилаётган Россиянинг АҚШ сайловларига “аралашуви” ва Трамп билан эҳтимолий алоқаларига оид суриштирув махсус прокурор Роберт Мюллер ва АҚШ конгрессининг ҳар икки палатасида амалга оширилмоқда. Лекин суриштирув бошланганига бир йилдан ошган бўлсада, ҳанузгача биронта далил келтирилгани йўқ.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
5 037