ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

НАТО саммити: 70 йиллик тантанага соя солаётган муаммолар

НАТО саммити: 70 йиллик тантанага соя солаётган муаммолар

Бугун Лондонда НАТОга аъзо давлатлар саммити очилади. Альянснинг 70 йиллик тантаналари саммитнинг муҳим воқеаларидан бўлиши кутилмоқда.

Бу галги олий даражадаги учрашув Альянсга аъзо давлатларнинг янги таҳдидлар олдида ҳамжиҳатлигини яна бир бор намойиш қилиши лозим, шунингдек, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Афсуски, Лондон ҳозирги кунга қадар британиялик сиёсатчиларнинг Иттифоқдан чиқиш тартиблари бўйича ўзаро келишувга эриша олмаётгани боис “Brexit” бўйича уч маротаба қўшимча муддат олди. Эндиликда мазкур масалалар қаторига аъзо давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳам қўшиладиган бўлди. АҚШ билан Туркия ўртасидаги Сурия ва С-400 хариди бўйича ҳамда АҚШ билан Европа ўртасидаги савдо-сотиқ, Европа давлатлари билан Буюк Британия ўртасидаги “Brexit” бўйича ягона тўхтамга келолмаётгани, АҚШ билан НАТОнинг қолган аъзолари ўртасида иқлимнинг ўзгаришига қарши кураш, қолаверса, аъзо давлатлар учун аъзолик бадалининг оширилиши, Афғонистон бўйича муҳокама қилиниши шулар жумласидан.
Кўриниб турибдики, бу галги учрашув аввалгиларидан кўра баҳс-мунозараларга бой бўлади.

Тўпланиб қолган муаммоларнинг мавжудлигини НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам алоҳида қайд этган. Унинг таъкидлашича, ташкилот ичида Сурия бўйича якдиллик мавжуд эмас. Туркиянинг Сурия Шимоли-шарқидаги хатти-ҳаракатларига муносабат билдиришда бир тўхтамга келинмаяпти.

Саммитда амалий қарорлар ҳам қабул қилиниши кутилмоқда. Хусусан, коинот кенгликларини ҳам қуруқликлар, денгиз, ҳаво, киберкенгликлар қаторида НАТОнинг тезкор фаолияти йўналиши, деб эълон қилиш кўзда тутилмоқда.

Ташкилот Бош котибининг баёнот беришича, бу қарор космосга қурол жойлаштиришни назарда тутмайди. НАТО бу қарордан коинотда ракета ҳужумларини эрта аниқлаш тизимини ривожлантириш ҳамда алоқа ва навигация учун фойдаланади.

Макроннинг ташвишлари ўринлими?

Бир қарашда, мазкур саммит аввалгиларига ўхшаб кетади, унда ҳам жорий масалалар кўрилади, келгуси режалар муҳокама қилинади. Аммо, бу галги учрашувга соя ташлаб турадиган ҳолатлар йўқ эмас. Масалан, ноябрь ойи бошларида Франция Президенти Эммануэль Макроннинг НАТО бўйича берган баёноти анча шов-шувга сабаб бўлди. “The Economist” журналига интервью берар экан, Франция Президенти НАТОнинг Иттифоқ ичида мувофиқликни тўлиқ йўқотгани айтганди. Унинг фикрича, Европа АҚШнинг ҳарбий таянчисиз мустақил геосиёсий куч сифатида ўзи ҳақида ўйлаш вақти келди, шундай қилинмаса Европа “ўз тақдирини ўзи назорат қила олмай қолади”.

НАТО Бош котибининг ўтган ҳафта уюштирган матбуот анжумани Франция Президентининг ушбу баёноти Альянс аъзоларига жиддий таъсир қилганини кўрсатди. Чунки анжуманда Столтенбергга берилган саволларнинг аксарият қисми айнан шу ҳақда бўлган. Журналистларнинг фикрича, Макроннинг ушбу айтганлари машҳур бўлиб кетишига сабаб аъзо давлатлар анчадан буён ўйлаб юрган муаммони Франция Президенти очиқчасига айтганидадир.

Шундай бўлса-да, Столтенберг анъанавий равишда эътиборини кўпроқ НАТОнинг барча учрашувларида айтилиб келинаётган бош мавзу – Альянсга аъзо Европа давлатларининг ҳарбий харажатларни ошириши масаласига қаратди. Маълумки, Брюссель билан Вашингтон кейинги йилларда Россия ҳарбий харажатларини оширганини сабаб қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Энг қизиғи, бунда АҚШ ҳам, НАТО раҳбарияти ҳам Альянснинг ҳарбий харажатлари Россияникидан 20 баробар кўп экани ҳақида лом-мим демаётганидадир.

Россиянинг ҳарбий бюджети 2018 йилда тахминан 46 миллиард долларни ташкил этган бўлса, НАТО харажатлари 930 миллиард долларни ташкил этган. Шунга қарамай, ҳар гал учрашувларнинг асосий мавзуси харажатлар миқдорини ошириш масаласи бўлиб келди.

Дарвоқе, яқинда бадал тўлашда янги формула жорий қилингани, унга кўра АҚШ улуши камайтирилиб Германия ҳиссаси оширилгани ҳақида маълум қилинди.

Майдонга Хитой чиқмоқда

Ташкилотни хавотирга солаётган яна бир масала, бу шубҳасиз, Хитойнинг иқтисодий кучайиб бораётганидир. НАТО шу вақтгача ўзининг асосий рақиби деб Россияни биларди. Энди эса бу рўйхатга Хитой ҳам қўшиладиган бўлди. Хитойнинг кейинги йилларда иқтисодий соҳада эришган муваффақияти мудофаа харажатларини ҳам оширишга имкон бермоқда.

Хитой мавзуси илк бор муҳокама мавзусига айланаётгани ҳам ташкилотнинг янги таҳдидлар билан юзлашаётганидан дарак беради. Чин мамлакати кейинги пайтларда айниқса замонавий ҳарбий имониятларга кўпроқ маблағ сарфламоқда. У 5G дан тортиб юзни таниш, квантли ҳисоблашдан катта миқёсда маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш соҳасида ҳам энг илғор мамлакатлардан бирига айланди.

Столтенбергнинг таъкидлашича, Хитой ўзининг Африка, Арктика ва Европадаги фаоллиги сабабли НАТОга яқинлашиб келмоқда. Шунга қарамай, Бош котиб НАТО аъзоларининг янги таҳдидлар олдида якдиллигини таъкидлар экан, янги муаммолар ташкилотнинг бирлигини янада мустаҳкамлашига ишончи комиллигини алоҳида қайд этган.

Халқаро ОАВ хабарлари асосида
Саидмурод РАҲИМОВ тайёрлади.

1 105
ЎзА