ЎзА Ўзбек

03.10.2018 14:27:19 Чоп этиш версияси

Муҳаммад ал-Муҳаирий: Ўзбекистон билан ҳамкорлик келишувларига эришамиз


Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари бизнес-форумида БАА савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Иброҳим ал-Маҳмуд бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотлар, янги инвестиция лойиҳалари билан таништирилди. 

“Ташрифимиздан мақсад мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш, мавжуд инвестициявий муҳитни ўрганиш, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ўзаро сармоявий алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Бугунги бизнес-форум айни мақсадни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро мулоқотда Ўзбекистоннинг нефть-газ, сайёҳлик, озиқ-овқат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бўйича салоҳияти, янги инвестиция лойиҳаларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Ўйлайманки, биз айни йўналишларда ҳамкорлик келишувларига эришамиз” деди Абу Даби савдо-саноат палатаси Бош директори Муҳаммад ал-Муҳаирий журналистларга берган интервьюсида. 

Эслатиб ўтамиз, бугун пойтахтимизда Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари бизнес-форуми ташкил этилди. Тадбирда БАА савдо-саноат палаталари раҳбарлари, ишбилармон аёллар Кенгаши аъзолари, “VPS Healthcare”, “Vision Investment Services Co”, “International Holdings Company PJSC” каби етакчи компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.