ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Москвада банкка ҳужум қилган кишининг шахси аниқланди

Москвада банкка ҳужум қилган кишининг шахси аниқланди

Альфа-банкнинг Москва шаҳри “Земляной Вал” мавзесидаги бўлинмасига кириб, хизматчиларни гаровга олган ва кейинчалик қўлга олинган жиноятчининг шахси маълум қилинди. У нижневартовсклик 34 ёшли Алексей Баришников экан.

Хабар берилишича, етказиб бериш хизмати ходими кийимида бўлган бир эркак банкка кириб борган ва ён халтасида мина борлигини айтган. Бино ичида бир неча киши қамалиб қолган, улар кейинчалик қутқарилган. Куч ишлатар тизим вакиллари сўзларига кўра, номаълум одам катта миқдорда пул талаб қилган.

Гаровга олинганлардан бири рўй бераётган воқеаларни зимдан видео тасвирга олиб, тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқ орқали узатиб турган. Лавҳада босқинчи вақти-вақти билан шишадан спиртли ичимлик истеъмол қилаётгани яққол кўриниб турибди.

photo_2020-05-23_21-24-45.jpg

Махсус кучлар томонидан банк қуршовга олингач, бинони портлатаман, дея таҳдид қилган жиноятчи ушланди. Маълум қилинишича, маҳбуснинг ёнидан қалбаки портлатувчи ускуна топилган.

Айни пайт ижтимоий тармоқларда ушбу жиноятчининг суратлари пайдо бўлган.

Айрим маълумотларга қараганда, банкни ўмаришга ҳаракат қилган йигит бинони гаровга олган чоғи телефон қўнғироғига жавоб берган. Ҳодисани тасвирга олган банк хизматчиси шу ҳолатни ҳам “ушлаган”. Гап-сўзлардан у онаси билан мулоқот қилгани аён.

“Онагинам, ҳозир бандман, кейинроқ гаплашайлик”, — деган ва телефонни ўчирган Алексей.

photo_2020-05-23_21-24-40.jpg

Баришниковни таниганлар ижтимоий тармоқларда унинг феъл-атвори билан ўртоқлашган.

“Ўзига хос характери бор эди, баъзан ғалати кўринарди кўзимизга”, “Афтидан, ёмон йигит эмас эди, муомаласи жойида. Фақат, баъзан тушунарсиз қилиқлари билан ажралиб турарди”, — каби изоҳлар қолдиришган унинг ҳамкасблари.

Айримлар эса Баришниковни жамоа билан яхши чиқишадиган одам сифатида таърифлаган. “Жуда яхши йигит, сахий, бошқаларнинг ғамини ейдиган одам. Қандай қилиб бу ишга қўл ургани тушунарсиз, ишонгимиз келмайди”, — қабилидаги изоҳлар ҳам учрайди у ҳақда.

1 530
ЎзА