ЎзА Ўзбек

23.12.2019 Чоп этиш версияси

Москва АҚШ томонидан киритилган санкцияларга жавоб тайёрламоқда

Москва АҚШ томонидан киритилган санкцияларга жавоб тайёрламоқда

Россия ташқи ишлари вазири Сергей Лавров куни кеча АҚШ томонидан “Шимолий оқим-2” лойиҳасига киритилган санкцияларга Москва томонидан жавоб тайёрлаётгани ҳақида баёнот берди.

“Санкцияларга биз жавоб қайтарамиз, биз ўзимизга зарар етказмоқчи эмасмиз. Аммо аниқ жавоб берамиз. Ҳамда биз муносабатларимизда буни ҳисобга оламиз“, деди Лавров “Биринчи канал“ эфирида.

20 декабрь куни, АҚШ президенти Дональд Трамп Россиядан Германияга қуриладиган “Шимолий оқим-2” газ қувурига нисбатан санкцияларни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини имзолаганди.

Қурилиш ишларининг 90 фоиз бажарилганига қарамай “Шимолий оқим – 2“ қувурини қураётган Швейцария ва Нидерландияга тегишли “Allseas” компанияси ишларни зудлик билан тўхтатган. “Allseas”  вакиллари баёнот бериб,  АҚШнинг тегишли идораларидан юридик, техник ва экологик изоҳ олмагунларига қадар ишлар қайта тикланмаслигини билдиришди.

Санкциялар “Шимолий оқим-2” ва “Турк оқими” лойиҳаларига алоқаси бўлган компания ва хорижий фуқароларнинг Америкадаги активларининг блокланиши ва Америка визалари берилмаслигини кўзда тутади.

Америка вакиллари бир неча бор Россия табиий гази Германияга экспорт қилишга мўлжалланган газқувурини “Европа энергетика хавфсизлиги учун таҳдид“ дея атаган эди.
 Еврокомиссия АҚШ томонидан қўлланилаётган санкцияларни танқид қилди. Германия ҳукумати ҳам санкциялар киритилишини  “Европа ички ишларига аралашиш“ дея атади.

“Газпром” томонидан қурилаётган “Шимолий оқим – 2“ газ қувури Россиядан Германияга Болтиқ денгизи туби орқали ўтади. Қурилишда, шунингдек, Германия ва Австрия компаниялари ҳам қатнашмоқда. 




1 946
ЎзА