ЎзА Ўзбек

04.04.2020 Чоп этиш версияси

Миср коронавирусга қарши курашни кучайтирмоқда

Миср коронавирусга қарши курашни кучайтирмоқда

Араб дунёсидаги энг катта мамлакат бўлган Мисрда ҳам коронавирус тарқалишига қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.

Миср Соғлиқни сақлаш ва аҳоли вазирлиги маълумотларига кўра, 3 апрель кечга қадар мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 985 кишига етган, 216 киши касалликдан тузалган, 66 киши вафот этган.

Коронавирус тарқалишига қарши чоралар доирасида Мисрда фуқаролардан ўз ўзини яккалаш ва ўзаро мулоқотни чеклаш қатъиян талаб қилинмоқда. Аҳоли уйдан чиқмасликка даъват этилиб, ўта зарур ҳоллардагина уйдан чиқиш сўралмоқда, касалликдан ўзини сақлашга жиддий эътибор қаратиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Миср маъмурлари одамларни миш-мишлардан сақланиш, аҳоли манфаатларини ўйлаган ҳолда чиқарилаётган қонун-қоидаларга сўзсиз риоя этишга чақириб, тижорат аҳоли ва дўкондорлар нарх-навони сунъий равишда оширмаслиги устидан назорат олиб борилмоқда.

Прокуратура органлари зарур бўлмаган ҳолатларда ҳаракатланишга қарши қамоққа олиш ва 4 минг миср жунайҳи (тахминан 254 АҚШ доллари), озиқ-овқат ва дори-дармон бўйича алдовлар учун 5 йилгача қамоқ жазоси ва 10 мингдан 30 минг миср жунайҳигача (тахминан 635-1905 доллар), маҳсулотларга монополия тарзида эгалик қилган ёки яширган кимсаларга нисбатан 5 йилгача қамоқ жазоси ва 100 мингдан 1 миллион миср жунайҳигача (тахминан 6350-63500 доллар) ҳажмида жарима солиниши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Миср Вақф ишлари вазирлиги масжидларда жамоат бўлиб намоз ўқимаслик қоидаларини кучайтириб, масжидларни тўлалигича ёпиш чорасини қўлламоқда. Миср вақф вазири доктор Муҳаммад Мухтор Жума бугунги шароитда масжидларни очишни зўравонлик ёки халққа хиёнат деб, тартибни бузувчиларга қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади.

Дунёга машҳур Ал-Азҳар мажмуаси уламолар ҳайъати кишиларга зарар етказилишини била туриб, жамоат билан дуо қилиш ва истиғфор айтишга даъват этишни гуноҳ ва Аллоҳнинг шариатига тажовуз қилиш сифатида баҳолади. Одамлар ва давлатга зарурлигига қарамасдан, нарх-наво кўтарилишини кутиб, маҳсулотларни сотмаслик шариатга биноан ҳаром экани таъкидланмоқда.

1 109
Фатҳиддин Самариддинов, ЎзА