ЎзА Ўзбек

12.04.2020 Чоп этиш версияси

Мексикада йўқолган журналистнинг жасади топилди

Мексикада йўқолган журналистнинг жасади топилди

Мексиканинг жанубий штатларидан бири — Герреро прокуратураси журналист Виктор Альвареснинг жасади қолдиқларини топди. У ўзига нисбатан жиноий гуруҳлар томонидан қилинган таҳдидлардан сўнг 2 апрель куни йўқолган эди.

“Суд тиббий экспертизаси топилган тана бўлаклари 2 апрелда Акапулько шаҳарчасида йўқолиб қолган фуқаро Виктор Фернандо “N”га тегишли эканини аниқлади“, — дейилади ижтимоий тармоқда тарқатилган прокуратура хабарномасида.

Мексика оммавий ахборот воситалари маълумотларига қараганда, “Punto por Punto” янгиликлар сайти раҳбари Виктор Фернандо Альварес Чавеснинг қариндошлари йўқолишидан олдин журналистга нисбатан маҳаллий жиноий гуруҳлар аъзолари сифатида гумон қилинган шахслар томонидан бир неча бор таҳдид қилингани тўғрисида хабар беришган.

Матбуот муҳаррирлари миллий синдикати ҳукуматдан айбдорларни топишни талаб қилган. Шу билан бирга минтақада журналистлар учун фаолият кўрсатиш имкониятлари сўроқ остида қолаётгани ҳам таъкидланган.

Мазкур воқеа Мексикада 2020 йилнинг ўзида суиқасд натижасида журналистнинг ўлими билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Бундан бир ҳафтача олдин Мексика кўрфази қирғоқларида жойлашган Веракрус штати шимолида номаълум шахс журналист аёл Мария Элена Ферралгани отиб ташлаганди.

1 427
ЎзА