ЎзА Ўзбек

24.05.2020 Чоп этиш версияси

Мексика қамоқхоналаридан бирида жанжал чиқди

Мексика қамоқхоналаридан бирида жанжал чиқди

Мексиканинг Халиско штатида жойлашган турмада юзага келган оммавий муштлашув натижасида камида 8 киши қурбон бўлиб, яна шунча маҳбус яраланди. Бу ҳақда “Financiero” газетаси ёзган.

Хабарда қайд этилишича, тўполон Пуэнте-Гранде федерал қамоқхонасида рўй берган. Мушт зарбаларидан, ўқотар қуроллар қўлланишидан жароҳат олган 8 кишини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Яна 8 нафар маҳбус айни пайт тиббий ходимлар назорати остида даволаняпти.

Штат прокурори Херардо Солиснинг “Воқеа жойида қўлбола портловчи ускуна ўрнатилган бўлиши мумкин. Буни экспертлар аниқлаб беришлари лозим. Низо натижасида нобуд бўлганлар бор, ярадорлар шифохонага етказилди“, — деган сўзларини келтирган нашр.

Муштлашув маҳбуслар бейсбол ўйнаётганда юзага келган низо оқибатида бошланган. Вазиятдан бир неча ашаддий жиноятчи фойдаланиб қолган ва бошқа гуруҳга ташланган.

Жанжал келиб чиқишига сабаб бўлганлиги гумон қилинаётган 5 киши ушланган. Прокуратура тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Энди қамоқхона мажмуаси ичига, маҳбуслар қўлига қандай қилиб ўқотар қуроллар тушиб қолгани, бунинг учун ким жавоб бериши кераклиги аниқланади.

1 865
ЎзА