Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2018 17:58 Чоп этиш версияси

Меҳрдан яралган дўстлик қалъаси

Меҳрдан яралган дўстлик қалъаси
Агар тақдир одамга саховат кўрсатиб, дунёдаги энг 
буюк бахтни тортиқ қилмоқчи бўлса, 
унга садоқатли дўстлар инъом этади.

Эрнст Тельман

Дўстлик – илоҳий қудрат. У халқларни олий мақсадлар йўлида бирлаштира олади. Зеро, сурат ва сийратдаги муштараклик миллатларни эзгу орзу-умидлари ушалишида яқинлаштиради, жипслаштиради.

Халқлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстлик ҳақида гап кетганида, албатта, тожик ва ўзбекларнинг биродарлигига ҳавас қилса арзийди. Бу икки диндошу дилдош, жондошу қондош халқларни бирлаштирган қудратли дўстликнинг илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳаёт ва тарих китобларида буни инкор этадиган бирор далил топилмайди. Қувонарлиси, қардош халқларимизни асрлар давомида бирлаштириб келаётган дўстлик қалъаси XV асрда миллатларнинг пири комиллари Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг меҳр қўри билан янада мустаҳкамланди, сайқал топди.

Тўғри, ҳаёт ҳақиқатидан кўз юмиб бўлмайди. Сирдарёнинг икки ўзани саналган ён қўшни – жон қўшнилар муносабатларида хира тортган йиллар ҳам бўлди. Аммо метиндек мустаҳкам дўстлик ришталарининг бир торини узадиган куч топилмади. Дўстлик икки тилда сўзлашувчи бир халққа Яратганнинг буюк инояти бўлди.

Ушбу сатрлар ана шу илоҳий дўстликни маромига етказиб мадҳ этади:

Аз қадим ўзбегу тожик эт билан тирноқ эрур,

Қон-қариндошлик шиораш қўлида байроқ эрур,

Бир-бирин меҳмонга чорлаб, йўлида муштоқ эрур,

Тоқати ҳижрон надорад васлига чанқоқ эрур,

Ушбу дўстлик ҳар қадамда топгуси фатҳу зафар.

Тожик ва ўзбек биродарлик бобида Аллоҳнинг назари тушган халқлар десак, муболаға бўлмайди.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Имомали Раҳмон юксак минбардан туриб қилган чиқишларидан бирида икки буюк миллат дўстлигини қадрлаб, шундай деган эди:

“Тарихда тожигу ўзбек халқлари каби қондош, жондош бўлиб кетиш ҳолати жуда кам учрайди. Марказий Осиёнинг энг қадимий халқлари бўлган ушбу миллатларни мустаҳкам дўстлик ва қариндош-уруғчилик муносабатлари бир-бирига янада яқинлаштиради. Бизнинг анъаналаримиз, урф-одатларимиз ва ҳатто феъл-атворимиз бир. Ҳеч иккиланмай, муболағасиз айтиш мумкинки, икки қўшни мамлакат ташқи сиёсатида “очиқ эшиклар” усулининг кенг татбиқ этилиши ҳамда замонавий руҳдаги янгича қараш ва муносабатларнинг юзага келиши туфайли халқларимиз ўртасидаги жонажон дўстлик равнақининг олий чўққисига элтувчи давр бошланди, иншооллоҳ…“

Бунга жавобан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси билан ўзаро муносабатлар истиқболлари ҳақида шундай фикрни билдирди:

"Биз Тожикистон билан катта-катта шартномаларга қўл қўйдик. Чегара пунктлари очилди, темир йўлни ҳам тиклаймиз, электр энергияси узатишга келишиб олдик. Бошқа масалалар ҳам шундай…"

Икки мамлакат раҳбарлари башорат қилганидек, тез орада барча йўналишларда алоқалар қайта тикланди, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий муносабатлар халқларимиз кўнглидагидек йўлга қўйилиб, томонлар манфаатларига хизмат қила бошлади.

Ҳар икки давлатда маданият кунлари ўтказилди, Душанбе ва Тошкент шаҳарларида саноат кўргазмалари муваффақиятли ташкил этилди. Буларнинг барчаси халқларимиз ўртасидаги қондошлик, қуда-андачиликнинг равнақ топиши, умуман, одамларнинг муносиб турмуш шароитида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари Президент Имомали Раҳмоннинг жавоб ташрифини катта ҳаяжон, интиқлик билан кутмоқда. Ўзбекистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шоисмат Эргашевнинг Душанбеда ўтказилган брифингда маълум қилишича, ўзбек халқи Имомали Раҳмоннинг давлат ташрифига астойдил ҳозирлик кўрмоқда.

Албатта, холис ният, покиза қалб билан қўл урилган иш ҳар доим ижобий самарасини берган.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонга бўлажак сафари ҳам икки халқ ўртасидаги нафақат биродарликни, балки бирликни янада мустаҳкамлаш учун туртки бўлишига иймонимиз комил.

Ёқубжон Абдуманонзода,
Тожикистон Республикаси ҳукуматининг
ўзбек тилидаги расмий нашри –
“Халқ овози” газетаси бош муҳаррири,
ЎзА учун махсус

11 663