ЎзА Ўзбек

06.12.2018 20:27 Чоп этиш версияси

Марказий Осиёда нима сабабдан экстремизм хавфи мавжуд?

Марказий Осиёда нима сабабдан экстремизм хавфи мавжуд?

Экстремизмнинг ривожига нималар туртки бермоқда? Оммавий ахборот воситалари бу масалани ёритишда етарлича самарадор бўлаяптими? Минтақа мамлакатлари тажовузкор диний ақидапарастлик ва террорчиликнинг олдини олишда қандай муаммоларга дуч келишаяпти? 

photo5211056491816135186.jpg

Нозима Тошпўлатова, 
Бишкекдан ЎзА учун махсус
Қирғизистон

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган “Тажовузкор экстремизмнинг олдини олишга оид саъй-ҳаракатлар ва ОАВнинг ўрни”га бағишланган халқаро форумда айни шу саволлар муҳокамалар марказида турибди. Эътиборли жиҳати ушбу анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликлари, халқаро ташкилотлар экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз таклифлари ва тақдимотлари билан иштирок этиб, ҳар бир мамлакат ўз тажрибаси билан ўртоқлашмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари Нурлан Каниметовнинг қайд этишича, халқаро терроризм ва экстремизм бугунги кунда шундай мураккаб қиёфага эгаки, қарши кураш воситалари ҳам ҳар сонияда такомиллашувни тақозо этади. 

Бу масала фақат бир мамлакатга тегишли эмас, шу сабабли ҳам муаммонинг олдини олишда умумий ҳаракатларни бирлаштириш талаб этилади. Бунда айниқса, бир-бирига ривожланиш тенденциялари ва қадриятлари билан яқин бўлган Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси ва ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга. 

Дарҳақиқат, бугун террор ОАВни ўзининг қуролига айлантириб олмоқда. Айниқса кибермакон имкониятларидан жиноятчилар устомонлик билан фойдаланяпти. Ўз ғояларини энг сўнгги замонавий технологиялар орқали интернетда ифода этмоқда. Унга қарши тарғибот қуролларини ишлаб чиқишда эса ҳали қилинадиган ишлар кўп. Форумнинг бош мақсади ҳам террор ва тажовузкор экстремизмга қарши курашдаги медиатехнологиялар самарадорлигини оширишга қаратилган. 

"Мен психологман ва мен экстремизм сабабли ўз бошимдан зўравонликни ўтказганман, – дейди, Акмола вилояти Тадбиркор аёллар уюшмаси вакили, диний экстремизм ва маиший зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш бўйича мутахассис Асел Базарбаева. – Улар кўпроқ эътибордан четда қолаётган кишиларни ўз сафларига тортишга ҳаракат қилишади. Дин орқали, Аллоҳга ишонч орқали муаммоларга ечим топиш мумкинлигини айтишади ва сиз бошида ҳаммаси тўғрилигига ишонасиз, кейин эса ҳақиқий қиёфага дуч кела бошлайсиз. Жиҳод, халифалик, ва ўзини қурбон қилиш каби тушунчалар секин-аста бериб борилади. Мен ўша машъум ўтмишдан чиқа олганимдан хурсандман. Лекин ўша вақтда жамоатда қолганларнинг аксарияти кейинчалик Сурия каби давлатларда ўлим топишди. Бугун шахсий тажрибам мисолида бошқа адашганларни оддий ҳаётга қайтишига ёрдам бераяпман”.

Тадбир иштирокчилари томонидан минтақа ёшлари орасида диний билимлар даражасини пастлиги, таълим сифатини етарли эмаслиги, тарғибот тадбирлари ва ОАВдаги материалларнинг самарасизлиги кабилар Марказий Осиёдаги умумий жиҳатлар сифатида қайд этилди. Форум иши давом этмоқда. 

ЎзА
5 444