ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Марказий Осиёда карантин чоралари кучайтирилди

Марказий Осиёда карантин чоралари кучайтирилди

Қирғизистонда 25 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди. 15 апрель соат 08:00 га қадар Қирғизистоннинг учта шаҳри ва шунча тумани фавқулодда ҳолат режимида бўлади. Бу ҳозир мамлакатнинг барча ҳудудида амал қилаётган фавқулодда вазиятдан анча кескин чорадир.

Қирғизистон парламенти 24 март куни навбатдан ташқари мажлисда мамлакат президентининг Фавқулодда ҳолат жорий қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлади.

Фавқулодда ҳолат режими устидан назорат ўрнатиш мақсадида президент ва парламент Муваққат махсус орган – комендатура тузди, унинг раҳбари – комендантни тайинлади. Тартиб-интизомни нафақат ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар, балки қуролли кучлар ҳам таъминлайди.

Қирғизистоннинг фавқулодда ҳолат ҳудудларида комендантлик соати жорий қилинди. Куннинг белгиланган вақтида кўча ва бошқа жамоат жойларида одамларнинг бўлиши тақиқланди. Уйдан кўчага чиқиш учун махсус рухсатнома берилади ёки фуқаронинг ёнида шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак. Фавқулодда ҳолат жорий қилинган жойларда комендантлик соати 20:00 дан эрталабки 07:00 гача амал қилади. Тартиб-қоидаларни бузувчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Ҳукумат тегишли фармонлар қабул қилиш, аҳолини кўчириш, ҳарбий хизматга чақириш ва бошқа ишларга жалб қилиш, ҳатто алоқадан фойдаланиш бўйича алоҳида қоидалар қабул қилиши мумкин. Умуман олганда, инқирозли вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида барча чораларни кўради.

Фавқулодда ҳолат жорий қилинишида Қуролли кучлар бош штаби тезкор бошқарувда олий орган ҳисобланади. Бу идора ички ишлар, миллий хавфсизлик, фуқаро мудофааси ва бошқа давлат идоралари куч ва воситаларининг фаолиятини мувофиқлаштириб туради. Фавқулодда ҳолат жорий қилинган тақдирда ҳукумат уч кун ичида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чеклангани ҳақида БМТ Бош котибини хабардор қилиши керак.

Бундан ташқари, 25 мартдан барча ички авиарейслар тўхтатилди. Бу ҳақда республика штаби маълум қилди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Қубатбек Бороновнинг айтишича, мамлакат ичкарисидаги парвозлар учун рухсатномалар коронавирус бўйича Республика штаби билан келишилган ҳолдагина берилади.

Ички рейслар Бишкекдан Ўш, Боткен ва Жалолободга амалга оширилади. Парвозлар қанча вақтга қадар тақиқлангани борасида хабар берилмаган.

* * *
Тожикистон қўшни давлатдаги вазият барқарорлашгунга қадар 24 мартдан Тожикистон – Қирғизистон чегарасидаги барча ўтиш пунктларини беркитди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги берган хабарга қараганда, бу “COVID-19 коронавирус пандемияси эълон қилиниши ва юзага келган эпидемиологик вазият” билан боғлиқ.

Хабарда таъкидланишича, мазкур чекловлар мамлакатга кираётган Тожикистон фуқаролари, Тожикистондан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқаролари, юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари, Тожикистонда аккредитациядан ўтган дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, ҳукумат делегациялари аъзоларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Тожикистоннинг ўзида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд қилинмади.

* * *
Қозоғистонда Қуролли кучлар сафига баҳорги чақириқ тўхтатилди. Бу ҳақда 24 март куни коронавирус билан боғлиқ вазиятга бағишланган брифингда Ахборот ва жамият тараққиёти вазири Даурен Абаев Мудофаа вазирлиги маълумотига асосланиб маълум қилди.

“Фавқулодда ҳолат жорий қилиниши муносабати билан 2019 йил баҳорида хизматга чақирилган шахсларнинг захирага бўшатилиши кечиктирилади. Шунингдек, ёшларни ҳарбий хизматга чақириш ҳам тўхтатилади”, – дея баёнот берди Абаев.

Шу билан бирга Мудофаа вазирлиги сайтида Қозоғистонда баҳорги чақириқ амалга оширилиши борасидаги ахборот эълон қилинди:

“Қозоғистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 февралдаги “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни захирага бўшатиш ва Қозоғистон Республикаси фуқароларини 2020 йил март – июнь ва сентябрь – декабрь ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Қозоғистонда баҳорги чақириқ амалга оширилади”, – дейилади вазирлик сайтидаги хабарда. Мудофаа вазирлиги коронавирус туфайли Қуролли Кучлар сафидан бўшатиш кейинга қолдирилишини ҳам эслатиб ўтган.

2 541
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ, ЎзА