ЎзА Ўзбек

11.07.2019 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчиси канцлер Ангела Меркел билан учрашди

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчиси канцлер Ангела Меркел билан учрашди

9 июль куни мамлакатимизнинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов Германия Федерал канцлери Ангела Меркел таклифига биноан ГФРда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари учун “Мезеберг” ҳукумат қароргоҳида ўтказилган расмий қабулда иштирок этди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, қабулда канцлер Ангела Меркел билан қисқа суҳбат бўлиб ўтиб, у ярим йил ичида амалга оширилган иккита олий даражадаги ташриф – Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг январь ойидаги Германияга ва Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг май ойидаги Ўзбекистонга ташрифлари якунларидан мамнунлигини билдирди. Канцлер ташриф якунларига муваффақиятли ва сермаҳсул, деб баҳо берди.

Германия ҳукумати раҳбарининг фикрича, олий даражадаги мазкур ташрифлар, шубҳасиз, икки давлат ўртасида турли соҳалардаги ишончли муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг фаоллашувига хизмат қилади.

Канцлер Ангела Меркел элчидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг эҳтиром ва энг эзгу тилакларини ҳам етказиб қўйишни сўради.

1 964
ЎзА