ЎзА Ўзбек

21.09.2018 Чоп этиш версияси

Маданий ришталар бардавом

Маданий ришталар бардавом

Ҳар куни биз Ҳиндистоннинг қайсидир жиҳатини эслатувчи воситаларга дуч келамиз. Ҳеч бир киши йўқки, ҳиндча фильмларни кўрмаган, севмаган, улар оғушида яшамаган бўлса. Бозорларимизда ҳинд чойи, зираси, ширинликларидан тортиб кийим-кечакларигача учратамиз. Фармацевтика маҳсулотлари эса алоҳида бир мавзу.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ўзбек ва ҳинд халқларининг алоқалари минг йилларга бориб тақалади. Маданиятимиз, урф-одатларимизда ҳам ўхшаш жиҳатлар кўп. Шарқ донишмандлиги анъаналари ҳар икки халқни четлаб ўтмаган. “Рамаяна” қадим ҳинд эпоси ўзбек ўқувчисига яхши таниш. “Маҳобҳорат”, “Рамаяна”, “Мирзо Ғолиб”, “Бобур”, “Сангам” ва “Гул ва олов” сингари бадиий фильмлар ўзбек тилида онгимизга сингган.

Шу йил август ойида ўзбек адабиёти тарғиботига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда ҳиндистонлик олимлар ҳам иштирок этди. Кўплаб маданий тадбирлар, фестиваллар икки мамлакат ижодкорларининг фикр алмашиши, тажриба оширишига хизмат қилмоқда. Бунга мисол қилиб яқинда Шаҳрисабзда ўтган Халқаро мақом санъати анжуманини айтиш мумкин.

Ҳиндистон билан таълим соҳасида ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтида ҳар йили 100 га яқин талаба Ҳиндистон тарихи, иқтисодиёти ва ҳинд тили бўйича ўқишга қабул қилинади. Бу ерда Ҳиндистон тарихи, иқтисодиёти, ҳинд тили ўрганилади.

Яқинга қадар ҳинд кафедраси сифатида юритилиб келган, кейинчалик индонез ва малай тиллари қўшилиши натижасида ҳозир Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё тиллари номи билан аталаётган кафедра 1947 йили ташкил топган. Шу даврда институтда юзлаб ҳиндшунос мутахассислар етишиб чиққан. Тўрт йиллик ўқиш жараёнида ёшлар ҳинд тилини мукаммал ўрганиб чиқади.

Айни пайтда бу ерда Маҳатма Ганди номидаги ҳиндшунослик маркази ҳам фаолият юритмоқда. Унда фаол иштирок этиб келаётган талабалар пойтахтимиздаги Ҳиндистон маданият маркази кўмагида нуфузли олий таълим муассасалари ва турли идораларда билим ва кўникмаларини орттириб, тажриба алмашади.

Ҳинд ва ўзбек тили қурилиши жиҳатдан бири-бирига яқин. Шунинг учун бу тиллар ўртасида самарали бадиий таржимонлик шаклланган.

– Ҳиндистонда бобурийлар даври адабиётига бағишланган тадқиқот олиб боряпман, – дейди Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё тиллари кафедраси мудири, филология фанлари доктори Улфатхон Муҳибова. – Бобурийлар даврида адабиёт ва санъат юксак даражада ривожлангани учун ҳам ушбу даврни тарихчилар “олтин давр” деб аташади. Талабаларимиз орасида ҳинд тили ва филологиясига қизиқадиган ва изланиш олиб бораётганлари кўп. Деҳлидаги Жамия Миллий исломия университетида ўзбек тили ўқитилади. Ушбу университет билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Бизда ҳинд тили, маданиятига қизиқиш қанча кучли бўлса, ҳинд диёрида ўзбек тили, адабиётига эҳтиром баланд. Бу маданий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди.

Миллий адабиётимизнинг етук намояндаси Бобур ижоди ҳинд адабиётига ҳам таъсир ўтказган. Алишер Навоийнинг Шарқ мамлакатлари адабиётига таъсири кўплаб олимлар томонидан эътироф этилган. Бугун Ҳиндистоннинг қатор кутубхоналарида ушбу буюк аждодларимизнинг китоблари сақланаётгани адабий ришталар мустаҳкамлигидан далолат.

Бугун мамлакатларимиз барча йўналишлар қатори маданий-гуманитар муносабатларни янада кенгайтиришга интилмоқда. Таълим, тиббиёт, туризм каби соҳалардаги алоқалар фаоллашди. Бу борада мавжуд улкан салоҳият ва тарихий анъаналардан фойдаланиш халқларимизнинг ўз маданиятини янада бойитиши ва ҳамкорликни мустаҳкамлашида қўл келади.

8 303
Дилобар Маматова, ЎзА​​