ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Коронавируснинг давоси – “АВИГАН” ёки Миср пандемияни енгишига ишонади

Коронавируснинг давоси – “АВИГАН” ёки Миср пандемияни енгишига ишонади


Дунё миқёсида кенг тарқалиб бораётган пандемия Африка қитъасига ҳам жуда тез кириб бормоқда. “Қора қитъа”нинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланган Миср ҳукумати ҳам коронавирус балосига қарши курашни тобора кучайтирмоқда.

12 апрель ҳолатига кўра, касаллик мамлакатдаги барча 27 та музофотни қамраб олган бўлиб, касалликни юқтирганлар умумий сони 1939 нафарни, соғайганлар 426 кишини, оламдан ўтганлар эса 146 кишини ташкил қилмоқда. Кунлик ўсиш суръати 8 фоизга тенг.

Президент Ас-Сисининг кучли сиёсий иродаси, ҳукуматнинг тезкор ва қаттиққўллик билан амалга ошираётган чоралари туфайли катта ютуқларга эришилмоқда. Ишлар учта асосий йўналишда олиб бориляпти.

Биринчидан, карантин бўйича қатъий тартиб ўрнатиш учун комплекс чеклов чоралари киритилди. Иккинчидан, ҳар томонлама иқтисодий рағбатлантириш ва кўмак кўрсатиш механизми йўлга қўйилди. Учинчидан, вазиятдан чиқиш ва зарур ёрдам олиш учун халқаро ҳамкорлик кучайтирилмоқда.

Аввало, ҳукумат март ойи охирида одамлар гавжум бўладиган барча тадбирларни чеклаш ва бундай масканлар (савдо масканлари, клублар, парклар, спорт мажмуалари, ресторанлар, музейлар, театрлар, кутубхоналар, масжидлар ва черковлар, сайёҳлик объектлари)ни қисман, кейинроқ эса тўлиқ ёпди.

Халқаро ва ички авиа парвозлар, темир йўл ва денгиз орқали пассажир қатновлари ҳам тўхтатилди. Жамоат ва шахсий транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. Таълим муассасалари тўлиқ ёпилди. Аҳолига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилди. Давлат ва шахсий корхоналар ходимлари сони кескин қисқартирилди ва масофадан ишлашга ўтказилди.

Новвойхоналар, қандолат цехлари ва заводларнинг кечаю кундуз ишлашига рухсат этилди. Юк машиналари ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт дори-дармонлари ва ёнилғи маҳсулотларини тўсиқларсиз манзилига ташиб етказмоқда.

25 мартдан токи 23 апрелга қадар (соат 19.00дан 6.00гача) комендантлик соати жорий этилди. Карантин қоидабузарлари фавқулодда ҳолат тартибидаги каби жазоланади. Яъни уларга 253 доллар миқдорида жарима ёки 15 сутка қамоқ жазоси тайинланмоқда.

Давлатнинг масжидлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш талабини бажармаган бир нечта имом-хатиблар ишдан олинди. Коронавирус билан боғлиқ ёлғон ахборот ва уйдирма тарқатган шахсларга эса 19 минг долларгача миқдорида жарима ёки 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмоқда.

Инқироз оқибатларини бартараф этиш учун 6,3 миллиард доллар ҳажмидаги Ҳукумат жамғармаси тузилди. Ундан диагностика жиҳозлари харид қилиш учун, урушга тенг фронтнинг “оқ қўшинлари” деб аталаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама рағбатлантириш учун маблағлар мунтазам равишда ажратиб борилмоқда. Чунки шу кунга қадар 3 нафар шифокор оламдан ўтган бўлса, уларнинг яна 43 таси бу хавфли касалликни юқтириб олгани аниқланди.

Ҳозирда республикада 40 минг ўринли 12 та юқумли касалликлар клиникалари фаолият кўрсатмоқда. Заруриятига қараб яна 100 минг ўринли 21 та клиника қайта жиҳозланиш учун шай ҳолатга келтириб қўйилди. Тез тиббий ёрдам хизматларига мингта қўшимча автомобиллар ажратилди.

Қўшимча мингта интенсив терапия учун жойлар ҳозирланди, 400 ўринли хоналар оғир ҳолатдаги беморлар учун сунъий нафас олиш аппаратлари билан жиҳозланди. Ҳар бири 502 ўринли бўлган 3 та палаткали-стационар ва 1 та мобиль ҳарбий госпитал тўлиқ шай ҳолатга келтирилди. “Миср саломатлиги” онлайн-порталида ва ресурснинг мобил версиясида эпидемиологик вазият билан боғлиқ барча зарур ахборотлар бериб борилмоқда.

Мамлакатда COVID-19 беморларини даволаш учун илк бора “ХЛОРОХИН” дорисини ишлаб чиқариш бошланди. Беморларни тузалиши учун Япониянинг “Фужифилм Холдингс Корп” ишлаб чиқарувчисига тегишли “АВИГАН” дори воситаси клиник синовлари ғоятда муваффақиятли ўтказилди. Уни қабул қилган касалларнинг аҳволи 24 соатда яхшилана бошлагани кузатилган. Оғир беморларни даволаш чоғида тузалиб чиққанларнинг антителаларидан фойдаланган ҳолда плазма терапияси кенг қўлланилмоқда.

Ҳозиргача 100 мингга яқин бинолар санитар дезинфекция қилинди. Бу ишларга армиянинг кимёвий ҳимоя бўлинмалари ҳам фаол жалб этилган. Ҳукумат пудратчилардан қиймати 3,5 миллиард долларга тенг тиббий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштиришни талаб қилмоқда ва уларда ишлаётган қурувчиларни вирусдан ҳимоя қилишни таъминлаш учун 240 миллион доллар ажратди.

24 мартдан эътиборан мижозлар он-лайн режимда – солиқларни смарт-кард яъни банкларга бормасдан тўлаш тизимига ўтилди. Жисмоний ва юридик шахслар қўшимча қиймат ва даромад солиғини тўлашдан 16 апрелга қадар озод этилган. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун Миср Марказий банки миср фунтидаги маҳаллий пул ўтказмалари учун барча комиссия тўловлари ва йиғимларини бекор қилди. Шу билан бирга, банкларда юридик ва жисмоний шахсларнинг нақд пул маблағларини олишига чеклов ўрнатилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолининг асосий эҳтиёжларини қондириш мақсадида дуккакли маҳсулотларнинг экспортига 3 ой муддатга чеклов қўйилди. Шу билан бирга уч ойга етарли озиқ-овқат захираси шакллантирилди.

Нуфузли “Ал-Азҳар” мажмуаси уламолари мамлакатда пандемия сабабли муттасил ўсиб бораётган камбағалларга ва муҳтожларга Рамазон ойи кириб келишини кутиб ўтирмасдан закотларни беришни бошлаб юборишни тезлаштириш ҳақида фатво чиқарди.

Айтиш ўринлики, иқтисодиётнинг асосий тармоғи бўлган сайёҳлик жиддий зарар кўрмоқда ва мутахассислар томонидан 20 февралдан буён ўтган вақт оралиғида кўрилган зиён миқдори 3 миллиард доллар, деб баҳоланмоқда. Тармоқда 3,5 миллион киши иш билан банд бўлиб, уларни ишсиз қолиш оқибатларини минималлаштириш учун ҳукумат махсус чоралар пакетини қабул қилиши кутилмоқда. Туризм соҳаси барча ходимларини вирусни юқтирган-юқтирмаганини аниқлаш мақсадида 160 минг экспресс-тестлар етказиб берилди.

Бир вақтнинг ўзида халқаро ҳамкорлик алоқалари кучайтирилмоқда. Расмий Қоҳира ўтган давр мобайнида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Тунис, Саудия Арабистони, Мальдив давлатларидан минглаб ўз фуқароларини қайтариб олиб келди ва 14 кундан 28 кунгача карантинга жойлаштирди.

Президент Ас-Сиси Африка Иттифоқи давлатлари ва бошқа минтақавий ташкилотларнинг онлайн саммитида иштирок этди. Ўтган давр мобайнида касалликдан қаттиқ азият чекаётган Италия давлатига 1,5 миллион дона ниқоблар етказиб берилди.

Шу билан бирга Жанубий Кореядан ва Хитойдан катта миқдордаги дори-дармонлар, ҳимоя воситалари, диагностика ускуналари, сунъий нафас олиш қурилмалари ёрдам сифатида олинди.

Европа Инвестиция банки Миср кичик ва ўрта бизнес корхоналарига икки йил муддатга 220 миллион евро имтиёзли кредитлар ажратмоқда.

Ўзбекистон Раҳбариятининг бевосита саъй-ҳаракталари ва Мисрдаги элчихонамизнинг жонкуяр ва фидойи, ўз ишига садоқатли дипломатлари кўмаги билан ҳозирга қадар 185 нафар ўзбекистонлик юртимизга қайтарилди.

Бу мураккаб ва синовли дамларда элчихона ходимлари Миср, Иордания, Жазоир, Ливия ва Суданда турли сабабларга кўра бўлиб турган фуқароларимизга керакли тушунтириш ишларини олиб бормоқда, барча зарурий кўмакни, маънавий ва моддий ёрдамларни кўрсатиб келмоқда.

Наргиза АБДУРАХМАНОВА


2 684
ЎзА