ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирус тарқалиши тезлашаётгани ҳақида маълум қилинди

Коронавирус тарқалиши тезлашаётгани ҳақида маълум қилинди

Баъзи мамлакатларда вазият бироз яхшиланаётганига қарамай, COVID-19 пандемиясининг дунёга тарқалиши тезлашмоқда, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

"Айрим мамлакатлар ўз иқтисодиётини қайта очгани ва одатий ижтимоий ҳаётга қайтгани сабабли такроран коронавирус хуружига дуч келмоқда. Кўплаб одамларнинг вирус юқтириш эҳтимоли юқорилигича қолмоқда. Аччиқ ҳақиқат шуки, вазият ҳали яхшилангани йўқ", — деди у.

ЖССТ бош директорининг таъкидлашича, 30 июнда Ташкилот Хитойда пневмониянинг ҳали маълум бўлмаган янги тури пайдо бўлгани ҳақдаги маълумотни олганига роппа-роса ярим йил тўлади.

Олти ой ўтиб коронавирусга чалинганлар сони дунё бўйича 10 миллион кишидан ошиб кетди, ярим миллион киши офат қурбонига айланди.

Бундан аввалроқ Тедрос Адханом Гебрейесус дунёда пандемиянинг янги, ўта хавфли босқичи бошлангани ҳақида баёнот берганди. Унинг таъкидлашича, бунга кўп одамларнинг уйда ўтириб безор бўлгани сабаб бўлди. Шунга қарамай вирус ҳали ҳам жадал суръатда тарқалмоқда ва жуда хавфли бўлиб турибди.

2 241
ЎзА