ЎзА Ўзбек

12.02.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирус смартфон орқали ҳам юқиши маълум қилинди

Коронавирус смартфон орқали ҳам юқиши маълум қилинди

Глобал муаммога айланган коронавирус фақатгина ҳаво-томчи йўли орқали ёки вирус юқтирган киши билан контакт туфайлигина юқмас экан. Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясидан маълум қилишларича, смартфон ҳам унинг ташувчиси бўлиши мумкин!

Мутахассисларнинг изоҳ беришларича, телефонлар корпусида ва айниқса, смартфонлар дисплейида кўп миқдорда чанг, бактерия, сўлак ва бошқа вирус ташувчи моддалар тўпланади. Бундай қурилмани ишлатган одам қўллари билан ўзининг шиллиқ қаватли аъзоларига (лаблари, бурни ё кўзига) тегинса, вирус ўтиши мумкин.

Шу боисдан мутахассислар хитойликларга смартфонни дезинфекция қилиш йўлларини тавсия этишган. Коронавирус хавфи буткул бартараф бўлиши учун уни 56 даражали ҳароратда ярим соат мобайнида қолдириш керак экан. Бунда қурилманинг мазкур иссиқликда ишдан чиқиб қолмаслиги энди унинг моделига боғлиқ. 

Шунингдек, дезинфекция учун водород пероксиди, сирка кислотаси (уксусная кислота) ёки хлороформ билан яхшилаб артиш ҳам смартфонни коронавирусдан тозалайди.

Бундан ташқари, Цзилинь университети биринчи шифохонаси умумий медицина бўлими бош врачи Инь Хунмэй яна бир йўлини айтган. Унга кўра, қурилмаларни коронавирусдан тозалаш учун 75 фоизлик спирт билан артса ҳам бўлар экан.

a75334ac9d565a4513968.jpg

53 360
ЎзА