ЎзА Ўзбек

30.04.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирус: Германияда ҳаммаси силлиқ эмас экан...

Коронавирус: Германияда ҳаммаси силлиқ эмас экан...

Германия бундестагидаги “Сўллар“ фракциясининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича вакили, депутат Ахим Кесслер ОАВга берган интервьюсида мамлакат соғлиқни сақлаш тизими коронавирусга қарши курашда эришган ютуқлар, асосан, кам ҳақ тўланадиган тиббий ҳамширалар ва санитарларни ишлатиш эвазига қўлга киритилганини қайд этди.

Унинг айтишича, ГФР ҳукумати томонидан тиббиёт секторида кўрилган чоралар, кўп ҳолларда касалхона мажмуаларини қайта молиялаштиришга йўналтирилди.

Бундан аввал ҳукумат пандемия шароитида соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқароларни ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва превентив чоралар кўриш, жумладан янги вирус билан зарарланган шахслар билан бўладиган алоқаларни кузатадиган махсус “Corona-Tracing-App” иловасини яратиш учун бир қатор ишларни амалга оширди. ГФР канцлери Ангела Меркель бошчилигида вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, шифохоналарга жонлантириш бўлимларида қўшимча ўринлар яратиш, қимматбаҳо техника ва медикаментлар сотиб олиш учун молиявий маблағлар ажратилди. Германияда айни пайт коронавирус инфекциясини аниқлаш учун ҳафтасига тахминан 650 мингта тест ўтказиш имкони бор.

Бундан ташқари ҳукумат ниқоблар ва бошқа воситаларни федерал ерлар ўртасида тақсимлашни монополлаштирди. Маҳсулотларни айнан қайси нуқталарга юбориш бўйича якуний қарорни қабул қилиш ҳуқуқи эса минтақаларнинг ўзларига берилди.

“Қонунчиликни коронавирусга татбиқ этишда ҳам ижобий ҳам салбий жиҳатлар мавжудлиги кўзга ташланиб қолди. Масалан, тестлар сонини мақсадли тарзда ошириш ёки йўқотилган даромадларни компенсация қилишга қаратилган “қутқарув пакетлари“ сингари чоралар адолатли. Коронаинқироз даврида бозор ва ижтимоий мувозанатни таъминлайдиган рақобат тизимининг лаёқатсизлиги вужудга келиши мумкинлиги яққол ифодаланган. Бинобарин, федерал ҳукумат томонидан кўрилган чоралар мавжуд вазиятни ўзгартира олмайди. Қолаверса, ҳукумат эҳтимолий “тор жойлар“ни жуда кеч кўрди, Роберт Кох институти томонидан 2012 йилдаёқ Осиёдан келиб чиққан “SARS” фиктив вируси оқибатида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик таҳлилларини эса умуман кўрмаганга олди“, – дейди Кесслер. Шу фикри орқали, мутахассис, “соғлиқни сақлаш тизими(миз)ни қўллаб-қувватлаш фақат жуда кам ҳақ тўланадиган кичик тиббий ходимлар, кўнгиллилар (волонтёрлар) ва қариндошларнинг узлуксиз меҳнатлари” туфайли кафолатланганини таъкидлайди.

Депутат яна шуни қўшимча қилдики, немис соғлиқни сақлаш тизимида азалдан мавжуд бўлган муаммолар “инқироз бошқарувида ҳозир ва келгусида яна чуқурлашади“. Бу ерда гап, энг аввало, кичик тиббий ходимлар меҳнат шароитлари хусусида кетаётганига ҳам аниқлик киритган Кесслер.

“ГФР ҳукумати шифохона мажмуаларини ёки катта тиббиёт ходимлари меҳнатини, уларнинг йўқотилган даромадларини компенсация қилиш ҳисобига қайта молиялаштириш билан чекланди. Бу орқали айрим шахслар инқироздан наф кўради, шу билан бир вақтда бошқа бир инсонлар, айниқса кичик, масалан физиотерапевтик амалиётга ўхшаган хизматларни тақдим этувчилар маҳв этилади“, – дея уқтиради депутат.

Немис соғлиқни сақлаш тизимида “зудлик билан тизимли ўзгаришларни амалга ошириш лозим“. Шундагина соҳа келгусида ўз олдида турган вазифаларни бажаришга тайёр бўлади, тиббий хизмат эса “жамоатчилик хизмати“га айланади.

Бугунги кунда Германия шифохоналари пандемия шароитлари туфайли рақобатга асосланган муносабатлар негизида фаолият кўрсатмоқда. Яъни муассасалар ҳозир мавжуд муаммоларни ўзлари ҳал эта олмайдилар. Шифохоналарни молиялаштиришни тарификациялаш тизими “барча учун қулай бўлган ўз-ўзини қоплаш усулига алмаштирилиши, клиникалар жамоатчилик секторига қайтарилиши шарт“, дея фикрларини хулосалаган Кесслер.

1 597
ЎзА