ЎзА Ўзбек

15.10.2018 10:52:14 Чоп этиш версияси

Ҳарбий тарангликни камайтириш бўйича музокаралар бошланди


Бугун эрталаб Корея Республикаси ва КХДР чегарасидаги Пханмунжом пунктида икки давлатнинг ҳарбий тарангликни камайтириш бўйича музокаралари бошланди. 

ТАССнинг ёзишича, КР Бирлашиш вазирлиги бу ҳақда маълум қилган. 

Баёнотга кўра, икки мамлакат делегациялари ҳарбий қўшма комиссия тузиш, Шимолий Кореянинг автомобиль ва темир йўллари ҳолатини (келгусида икки давлатнинг автомобиль ва темир йўлларини бир-бирига улаш режалаштирилмоқда) баҳолаш масалаларини муҳокама этади. 

Бундан ташқари, 1950-1953 йиллардаги уруш оқибатида бир-биридан ажралган оилаларнинг навбатдаги учрашувини ташкил этиш мақсадида икки мамлакат Қизил Хоч қўмиталари вакилларининг музокара олиб бориш вақтини белгилаш режалаштирилган. Шунингдек, Шимолий кореялик санъаткорларнинг ноябрь ойида Сеулда концерт дастурини ташкил этиш масаласи ҳам бугунги музокара кун тартибидан ўрин олган. 

Хабарда аниқлик киритилишича, КР делегациясига мамлакат Бирлашиш вазирлиги Чо Мён Гён, иккинчи томонга КХДРнинг Тинчлик бўйича бирлашиш қўмитаси раиси Ри Сон Гвон бошчилик қилмоқда. Чо Мён Гён музокара олдидан, Сеулда журналистларга ижобий натижаларга умид қилаётганини билдирган. “Биз музокаралар самарали бўлиши ва сентябрда мамлакатларимиз раҳбарлари имзолаган Пхеньян қўшма декларациясини амалга татбиқ этиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз” деган у.