Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 12:53 Чоп этиш версияси

Компания раҳбарлигидан ўқитувчиликка. Хитойнинг энг бой одами Жек Ма шу йўлни танлади

Компания раҳбарлигидан ўқитувчиликка. Хитойнинг энг бой одами Жек Ма шу йўлни танлади

Дунёга машҳур ишбилармон, “Alibaba“ компанияси асосчиси ва раҳбари 10-сентябрда (айни шу сана Хитойда “Ўқитувчилар куни” сифатида нишонланади) 54 ёшни қарши олади. Таваллуд айёмида у кексалик нафақасига чиқиб, умрининг қолган қисмини муаллимликка бағишлашини маълум қилди, деб ёзади “The New York Times“ газетаси.

Нашр маълумотларига кўра, собиқ инглиз тили ўқитувчиси Жек Ма нафақага чиққандан сўнг ҳам “Alibaba“нинг директорлар кенгаши таркибида қолади ва компания бошқарувини кузатиб боради.

Келтирилган иқтибосда Жек Ма ўзининг кексалик нафақасига чиқиши компания “эраси”нинг тугашига ишора эмаслиги, балки тараққиётнинг янги даври бошланишини айтиб ўтган.

1999-йилда ташкил этилган “Alibaba“ бугунга келиб жаҳонда рақамли тўловлар ва электрон тижорат билан шуғулланувчи энг йирик компанияга айланди. Унинг асосчиси Жек Ма 40 миллиард долларнинг эгаси сифатида Хитойнинг энг бой одами ҳисобланади.

“Alibaba“ асосчиси нафақага кетгач, ундаги барча ваколатлар компаниянинг амалдаги бош директори Дэниэл Чжангга ўтиши кутилмоқда.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА