ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

КХДР коронавирус туфайли халқаро ёрдам сўрамоқда

КХДР коронавирус туфайли халқаро ёрдам сўрамоқда
Пхеньян мамлакатнинг мавжуд “халқаро алоқалари” орқали Корея Халқ Демократик Республикасида COVID-19 касаллигига олиб келувчи коронавирусни аниқлаш мақсадида тест ўтказиш жараёнини кенгайтириш юзасидан кўмак сўраб айрим ҳамкорларга мурожаат қилди. Бу ҳақда вазият билан таниш манбаларга таяниб “The Financial Times Сhinese” газетаси хабар тарқатган.

“Bloomberg” агентлиги нашрнинг “Сўровлар сўнгги бир неча ҳафта давомида тушди, газета ходимлари ушбу ҳужжатлардан бири билан танишиб чиқди,” деган маълумотини келтирган.

590 дан зиёд Шимолий Корея фуқароси коронавирусга тест топширди, уларнинг ҳаммаси январь ойида хорижда бўлиб қайтишган. Барча натижалар манфий чиққан.

КХДР ўз чегараларини январь ойида, Хитойда коронавирус эпидемияси тезликда тарқала бошлагач, дарҳол ёпган. Расмий маълумотларга кўра, Шимолий Кореяда бирорта ҳам касаллик юқиш ҳолати қайд этилмаган, бироқ экспертлар ушбу мамлакатда мазкур хасталикни узил-кесил аниқлаш имконияти мавжудлигига шубҳа билан қарашяпти.

Пхеньян 9 март куни барча чет эл фуқароларини, жумладан дипломатларни ҳам мамлакатдан чиқарди. Эвакуация ҳукумат томонидан “SARS-CoV-2” коронавируси оқибатида келиб чиқадиган “COVID-19” касаллигига қарши профилактика ишлари кучайтирилиши муносабати билан рўй берди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 21 март куни Россияда ишлаб чиқилган коронавирусга тест-тизими жаҳоннинг 13 мамлакатига, жумладан КХДРга ҳам юборилди. 

Шу куни АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга хат йўллаб, “SARS-CoV-2”га қарши курашда ёрдам таклиф этди.


6 053
ЎзА