ЎзА Ўзбек

29.10.2012 16:16 Чоп этиш версияси

Музламайдиган йўллар

Музламайдиган йўллар

Нидерландияда велосипедлар ҳаракати учун алоҳида йўллар қурилиши бошланди. Махсус қоришма билан қопланадиган бундай йўллар қишнинг изғирин кунларида ҳам музламайди. Бу ёғингарчилик вақтида ҳам ҳеч қандай хавотирсиз велосипеддан фойдаланиш имконини беради.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатнинг Зютфен ва Утрехт шаҳарларида қуриладиган мазкур янги йўллар ноқулай об-ҳаво шароитида велотранспортдан фойдаланувчилар ўртасида юзага келадиган ҳалокатларни камайтиришга хизмат қилади.

Бепул мева ва сабзавот

Чехиянинг Прага шаҳридаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул мева тарқатиш йўлга қўйилди. Энди болакайлар тушлик вақтида истаганча мева ва сабзавот маҳсулотларидан истеъмол қилиши мумкин. Мамлакат ҳукумати томонидан амалга оширилаётган “Мактабларга сархил мева” лойиҳасига кўра, тўқсон икки фоиз бошланғич синф ўқувчиси бундай мева ва сабзавот маҳсулотлари билан таъминланади.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, олти ёшдан ўн ёшгача бўлган болалар мева ва сабзавотларни мунтазам истеъмол қилиши зарур. Бу уларнинг ақлий фаолияти ривожланишига ва жисмонан бақувват бўлиб вояга етишига ёрдам беради.

Велосипедлар ижарага берилади

Таиландда велосипедлар жамоат транспортига айланмоқда. Мамлакат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, велосипедларни ижарага бериш, метро, автобус ва шаҳар электропоездлари бекатлари атрофида элликдан зиёд велосипед тўхташ жойларини қуриш мўлжалланмоқда. Бу эса велотранспортдан фойдаланувчи йўловчилар учун кўплаб қулайликлар яратади. Ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдори камаяди.

Бангкок дунёда автомобиль қатнови энг тирбанд шаҳарлар сирасига киради. Мамлакат йўлларидаги автомобиль тирбандлигини бартараф этиш мақсадида ижарага берилаётган велосипедларнинг биринчи ўн беш дақиқаси бепул, қолган вақтда соатига қараб пул тўланади.

Янги АЭСлар барпо этилади

Хитойда янги атом электр станцияларини қуриш бошланди, деб хабар беради РАТА-ТАСС. 2011 йили Япониянинг “Фукусима-1” АЭСида содир бўлган ҳалокатдан сўнг қурилиши тўхтатилган АЭСларда яна иш бошланади. Электр энергиясига талаб тобора ортаётган бир вақтда 2015 йилга қадар мамлакатда кичик ҳажмдаги бир нечта шундай станция бунёд этилиши режалаштирилган. Хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган ушбу станциялар аҳоли истиқомат қилмайдиган чекка ҳудудларда барпо этилади.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ҳозир Хитойда ўн бешта атом реактори фаолият кўрсатмоқда. Яна йигирма олти реакторнинг қурилиши якунига етиш арафасида.


ЎзА
7 628