ЎзА Ўзбек

25.10.2012 16:22 Чоп этиш версияси

Греция: ишсизлар кўпаймоқда

Греция: ишсизлар кўпаймоқда

Грецияда ишсизлик даражаси рекорд кўрсаткичга етди – ишсизлар аҳолининг ишга лаёқатли қисмининг 25,1 фоизини ташкил этаётир. Хабарларга қараганда, сўнгги беш йил ичида мамлакатда ишсизлик уч баробар ўсди. Бу ҳолат, айниқса, ёшлар орасида авж олмоқда.

Мамлакатдаги кўплаб фирма ва компаниялар, молиявий ташкилотлар инқирозга юз тутмоқда. Истеъмол товарлари нархлари ошиб бораётгани аҳолига янада қийинчилик туғдирмоқда.

Непал: гидсиз юрманг!

Непал ҳукумати мамлакатга сайёҳ сифатида ташриф буюрувчи меҳмонлар ва альпинистлар учун янги қоида жорий этди. Яқинда кучга кирган ушбу қоидага мувофиқ, бундан буён сайёҳлар мамлакатни саёҳат қилиш учун камида бир нафар гид ёллаши зарур – гидсиз саёҳат қатъиян тақиқланади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бундан кўзланган асосий мақсад сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Непал сайёҳлик агентликлари уюшмаси вакилларининг таъкидлашича, сўнгги пайтда ушбу мамлакатда сайёҳларнинг бедарак йўқолиш ҳолатлари тез-тез юз бермоқда.

Австралия: сут – дардга даво

Австралиялик олимлар сигир сути таркибида ОИВ/ОИТС хасталигидан ҳимоя қила оладиган антижисмлар мавжуд эканини аниқлади. Бундай антижисмлар организмда антигенлар пайдо бўлиши билан юзага келадиган ва уларнинг таъсирини йўқотадиган моддалардир. "Medical Xpress" нашрининг ёзишича, мазкур моддалар орқали мутахассислар хотин-қизлар учун ОИТС касаллигининг олдини оладиган махсус крем яратиш ниятида.

Мельбурн университети вакиллари томонидан олиб борилган тадқиқот ишлари шуни кўрсатдики, ушбу технология анча арзон ва самаралидир. Шу боис сутни қайта ишлаш натижасида олинадиган мазкур антижисмлардан келгусида кенг қўлланиладиган препарат ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

АҚШ: ақлли қулф

АҚШлик кашфиётчи Стив Хофер калитсиз очиладиган “ақлли қулф” яратди. Бундай қулф уй эгаси томонидан ўрнатилган товуш ёрдамида ишлайди. Эшикдаги товушдан таъсирланган қурилма очилиши ёки бутунлай қулфланиши мумкин. Ушбу инновацион ғоя калит йўқотиш, эшик бузиш каби бош оғриқлардан тез ва осон қутилиш имкониятини беради. Яқин кунларда бундай қулфларни савдо расталарига чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Япония: ходимлар сони қисқаради

Япониянинг электрон маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Sony” компанияси 3,8 минг иш ўрнини қисқартириш ниятида. Ўз фаолиятини 1946 йилда бошлаган мазкур нуфузли корхона, шунингдек, мамлакатдаги фотообъективлар ва мобиль телефонлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган заводини ёпишни режалаштирмоқда.

Экспертларнинг айтишича, 2013 йилнинг март ойига қадар “Sony” концерни ўн минг иш ўрнини қисқартиради. Мазкур чора орқали компания ҳар йили 30 миллиард иена (378,6 миллион АҚШ долларига тенг) миқдорда маблағ тежаш истагида.

Италия: музқаймоқлар музейи очилди

Италиянинг Анцола-Делльемилия шаҳрида музқаймоқлар музейи очилди. Музқаймоқ ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилик қилаётган “Carpigini” заводи яқинида ташкил этилган бу музей 450 квадрат метр майдонни эгаллаган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, музейда музқаймоқнинг яратилиш тарихи, уни тайёрлаш бўйича қадимий технологиялар, музқаймоқ кашфиётчилари ҳақида маълумотлар берилган. Музейга ташриф буюрувчилар Италиянинг машҳур “Carpigini” компаниясининг қадимий усулда тайёрланган музқаймоқларидан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўладилар.

Буюк Британия: ноёб хазина топилди

Лондоннинг Сент-Олбансе тумани майдонидан милоддан аввалги V асрга оид хазина топилди, деб хабар беради РАТА-ТАСС. Ўтмишда мазкур шаҳар римликлар томонидан қарийб тўрт юз йил бошқарилган. Ушбу хазина топилган майдонда эса задогонларнинг савдо маркази бўлган. Топилмалар орасида императорлар тасвирлари ўйиб ишланган турли хилдаги олтин тангалар ҳам бор.

Топилган ноёб олтин тангалар Сент-Олбанседаги “Веруламиум” музейига топширилган.


ЎзА
8 035