ЎзА Ўзбек

16.10.2012 16:32 Чоп этиш версияси

Тошкўмирдан газ олинади

Тошкўмирдан газ олинади

Хитой тошкўмирдан газ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар беради РАТА-ТАСС. Мазкур лойиҳага кўра, йилига ўн беш миллиард куб метр газ ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткич мамлакатнинг ёқилғига бўлган талабининг етти фоизини ташкил этади. Маълумотларга қараганда, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ўн тўрт миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаш режалаштирилган. Тошкўмирни қайта ишловчи илк заводлар мамлакатнинг Шэньси ва Шаньси провинцияларида қурилиши кутилмоқда.

Ўқувчилар уй вазифасидан озод бўлди

Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия ҳудудидаги “Elsa-Braendstroem” гимназияси ўқувчилари уй вазифаларини тайёрлашдан озод қилинди. Мактаб директори Бригитта Фонтайннинг сўзларига кўра, ўқувчиларнинг уй вазифаларидан озод қилиниши таълим олиш вақтининг узайтирилгани билан боғлиқ бўлиб, уларнинг дарсдан кейин спорт билан шуғулланиши ва мусиқа тўгаракларига қатнашиши учун имконият яратади. Директорнинг айтишича, уй вазифаларининг ўрни дарс машғулотларида фаол иштирок этиш билан тўлдирилади.

“Бақалоқлар” сони ортмоқда

Америкалик болалар дунёда семизлик бўйича рекордчилар саналар экан. Мамлакатда болалар ўртасида ортиқча вазн оқибатида юзага келадиган қандли диабет ва юрак қон-томир хасталиклари тўққиз фоиз ошган. Шунингдек, Европанинг кўплаб давлатларида семизлик авж олмоқда. Буюк Британия, Венгрия, Руминия, Греция, Германия, Албания, Словакия каби мамлакатларда ҳар уч эркакдан иккитаси семизлик касалига чалинган.

Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йил мобайнида “бақалоқлар” сони Буюк Британияда уч баробар кўпайган. Мамлакат ҳукумати ушбу касалликка қарши йилига ўн уч миллиард фунт стерлинг миқдорида маблағ сарфлайди.

Шифокорларнинг айтишича, мунтазам фаст-фуд маҳсулотларини истеъмол қилиш, кам ҳаракатлилик ва руҳий тушкунликка тез-тез тушиш ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирар экан.

Улкан қовоқ

Швейцариялик фермер улкан қовоқ етиштиришга муваффақ бўлди. Мазкур давлатнинг Зеегребен шаҳарчасида истиқомат қилувчи Бени Майер оғирлиги 769 килограммни ташкил этувчи улкан қовоқ билан барчани ҳайратга солди. Фермер Бени ўзи етиштирган бу полиз экини билан Германияда ўтказиладиган қишлоқ хўжалиги халқаро ярмаркасида иштирок этиш ниятида.

Смартфонлар учун фойдали илова

Европалик олимлар смартфонлар учун янги махсус илова дастури яратди. Дастур муаллифларининг сўзларига қараганда, ушбу “Anxiety Coach” дастури одамга руҳий ёрдам кўрсатади. Маълумотларга кўра, илова фойдаланувчини ўзига нисбатан бўлган ишончни янада кучайтириш имконини берадиган, ваҳимадан қутулишга хизмат қиладиган турли машқ дастурлари билан таъминланган.

Қиёмига етказиб қайнатиш керак эди

Германияда ўн бир мингдан зиёд ўқувчи Хитойдан келтирилган музлатилган қулупнайдан заҳарланди. Роберт Кох институти экспертлари томонидан мевада норовирус мавжудлиги аниқланди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Германия мактаблари ошхоналарида ушбу қулупнайлардан болалар тушлиги учун шарбат тайёрланган ва манний бўтқасига аралаштирилган. Экспертларнинг аниқлашича, ўқувчилар мевалар яхши қайнатилмаганидан касалликка чалинган.

Нетбукка талаб пасаймоқда

Нетбукка ихтисослашган дунёнинг кўплаб нуфузли компаниялари ушбу технологияларни ишлаб чиқаришни тўхтатиш ниятида, деб хабар беради РАТА-ТАСС. Хусусан, Тайваннинг “Asus” компанияси раҳбари Жерри Шеннинг маълум қилишича, компанияда нетбук ишлаб чиқариш тўхтатилди. Сабаби, жаҳон бозорида бундай қурилмаларга талаб кескин пасайиб кетмоқда. Ҳозирги кунда жаҳон бозорида планшет ва ноутбукларга талаб жуда юқори. 


ЎзА
20 410