ЎзА Ўзбек

08.08.2018 13:43 Чоп этиш версияси

Хитой қурғоқчиликдан азият чекаётган Афғонистонни қўллаб-қувватламоқчи

Хитой қурғоқчиликдан азият чекаётган Афғонистонни қўллаб-қувватламоқчи

Хитой ҳукумати қурғоқчиликдан азият чекаётган Афғонистонга қарийб 4 минг тонна озиқ-овқат ёрдамини беришга қарор қилди, дея хабар беради Афғон телеграф агентлиги (АфТАГ).

Бу ҳақда сешанба куни Хитой элчиси Лю Цзиньсун маълум қилди.

Дипломатнинг айтишича, Хитой фалокатдан зарар кўрган афғонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яқин орада бу ёрдамни икки бараварга кўпайтиради.

Хусусан, Хитой ҳукумати Афғонистон аҳолисини 3012 тонна гуруч ва 816 тонна ун билан таъминлайди. Элчи озиқ-овқат ёрдами Афғонистоннинг турли қисмларига, ҳукумат ва Толибон томонидан назорат қилинадиган жойларга этказилишини ваъда қилди.

Эслатиш керакки, бу йил афғон аҳолисига қурғоқчилик жиддий таъсир кўрсатди. Ҳукумат маълумотларига кўра, бугунги кунда фалокатдан зарар кўрган 20 та ҳудудда 1,4 миллиондан ортиқ одам кўмакка муҳтож.

«Қурғоқчиликдан зарар кўрган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми қисқарди. Бу ҳудудларнинг 1,4 миллиондан ортиқ аҳолиси фавқулодда ёрдамга муҳтож. Йил охиригача уларнинг сони 3 миллионга кўпаяди», деди Хитой элчиси билан учрашувда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Нажиб Фаҳим.

ЎзА
6 254