ЎзА Ўзбек

25.09.2018 Чоп этиш версияси

Хитой: Савдо уруши фонида Германия автомобиллар бўйича етакчи экспортчига айланди

Хитой: Савдо уруши фонида Германия автомобиллар бўйича етакчи экспортчига айланди

Савдо уруши таъсирида Германия АҚШни ортда қолдириб, Хитой бозорига автомобиль етказиб берувчи етакчи экспортчи мамлакатга айланди.

РИА Новостининг ёзишича, бугун бўлиб ўтган брифингда ХХР тижорат вазири ўринбосари Ван Шоувень бу ҳақда маълум қилган.

“Аввал АҚШ Хитойга автомобиль етказиб беришда етакчи ўринда турарди. Аммо, ҳозир унинг ўрнини Германия эгаллади. Хитой бозорида Германия, Япония автомобиллари импорти ўсиб бормоқда, Американики эса аксинча, тобора тушиб бораётир” деган Ван Шоувень ўз баёнотида.

Унинг қайд этишича, АҚШнинг савдо чоралари Хитой манфаатларига мос эмас, шу билан бирга бу чоралар Американинг ўзига ҳам фойда келтирмайди. АҚШнинг савдо балансидаги салбий сальдо нафақат Хитой шунингдек, бутун жаҳон савдо муносабатлари билан ҳам ошиб бормоқда. Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли савдо урушига чек қўйишдир.

Эслатиб ўтамиз, Хитой ва АҚШ ўртасида савдо уруши жорий йилнинг 6 июлидан яна бошланди. Худди шу санада икки давлат ўртасида божлар миқдорини кўтариш чоралари кучга кирди. АҚШ Хитойнинг 818 номдаги йилига жами ҳажми 34 миллиард долларлик товарларга 25 фоизлик божларни жорий этди. Хитой бунга қарши шу куннинг ўзида АҚШнинг шу миқдордаги товарларига 25 фоиз божларни киритди. Ўтган ҳафтада эса АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойдан 200 миллиард долларлик товарларга 10 фоиз божларни киритишини маълум қилди. Ушбу қарор кечадан кучга кирди. 1 январдан эса бу тарифлар 25 фоизгача кўтарилади. Хитой ҳам ўз навбатида худди шу кундан АҚШга нисбатан янги импорт божларини жорий қилди.

2 760
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА​​