ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

"Хитой – Марказий Осиё" VII ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда

"Хитой – Марказий Осиё" VII ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда

Хитой Халқ Республикасининг Наньнин шаҳрида "Хитой – Марказий Осиё" VII ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда.

Форумда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, АСЕАН ва ШҲТ давлатлари иқтисодчилари қуруқликни денгиз билан бирлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инновациялар ҳисобига ривожлантиришни рағбатлантириш масалалари бўйича қизғин мунозаралар олиб бормоқда.

Форумнинг очилишида ХХР Бутун Хитой халқ вакиллари йиғинининг доимий қўмитаси раиси ўринбосари Шень Юэ, ШҲТ Бош котиби Владимир Норов, Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Замирбек Асқаров, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқалар бугунги кунда дунё халқларининг мамлакатлар ўртасида тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва халқлар фаровонлиги учун интилишларини бирлаштириш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Форум доирасида қуруқлик ва денгиз йўллари бўйлаб трансчегаравий логистика соҳасидаги ҳамкорлик, электрон тижорат, ҳамкорликда "ақлли шаҳарлар"ни ривожлантириш, йўлдошли навигация тизимини қўллаш бўйича ўзаро ҳаракат қилиш, "Бир макон, бир йўл" ташаббусини амалга ошириш бўйича чораларни ҳамкорликда бажариш учун хотин-қизлар кучларини бирлаштириш каби масалалар муҳокама этилмоқда.

Бой табиий ресурслар, йирик бозорлар, юксак илмий-техника, инновация салоҳиятини тан олган ҳолда, шунингдек, бошқа мувофиқ ноёб шароитларни эътиборга олиб ва савдо-сотиқнинг кўп қиррали тизимини сақлаш, очиқ турдаги жаҳон иқтисодиётини шакллантиришнинг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда мазкур форум Ипак йўли ва денгиз Ипак йўлининг иқтисодий минтақаси доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Хитой – Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳаракатнинг самарали платформасини шакллантириш, ҳудудларни тенглик, ошкоралик ва ўзаро фойда асосида ривожлантиришга хизмат қилади.

Форум доирасида Ўзбекистон халқ амалий санъати намуналари намойиш этилмоқда.

Назокат УСМОНОВА,
ЎзА махсус мухбири.
ХХР, Гуанси-Чжуан,
Наньнин шаҳри

2 406
ЎзА