ЎзА Ўзбек

24.05.2020 Чоп этиш версияси

Хитой Гонконг устидан назоратни кучайтирмоқчи

Хитой Гонконг устидан назоратни кучайтирмоқчи

Хитой ҳукумати Гонконг давлат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни кўриб чиқишни режалаштирган. “Reuters” агентлигининг ёзишича, ушбу ҳужжат ёрдамида ХХР мазкур минтақа устидан назоратни янада мустаҳкамлаб олиши мумкин бўлади.

13-чақириқ Халқ вакилларининг Бутун Хитой кенгаши 13-сессиясида муҳокама қилинадиган Қонун сепаратистлик фаолиятини қатъий ман этади ва мунтазам равишда ХХР Марказий ҳукумати олдида ҳисобот беришни талаб этади. Табиийки, Гонконгда ва бошқа яна бир қатор давлатларда бу ҳаракат жиддий норозилик уйғотмоқда. Сабаби, янги меъёрлар ҳозирги пайтда амал қилиб турган «Бир мамлакат — икки тизим» формуласига нисбатан таҳдидга ўхшайди.

Қонун лойиҳаси тарафдорлари зўр бериб мазкур ҳужжат умуммиллий хавфсизликни таъминлаши, давлатни терроризмдан ва ташқи аралашувлардан ҳимоя қилишини таъкидлашмоқда. Бу борада улар 2019 йил Гонконгда рўй берган норозилик намойишлари АҚШ ва бошқа айрим мамлакатлар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланганини дастак қилишяпти.

Халқаро миқёсдаги ушбу низо туфайли Хитой компаниялари акциялари нархи пастлаб кетди, доллар қиймати 22 май куни эрталаб 0,3 фоиз ўсди. Гонконг банкчилари саросимага тушиб қолишди: мавжуд тизимни ўзгартириш капитал оқимини сезиларли даражада ортга ҳаракатлантиради.

Халқаро ҳамжамият эса ХХР томонидан тайёрланаётган навбатдаги қадамни кескин норозилик билан кутиб олди. Масалан, 1997 йилгача Гонконгни бошқарган Буюк Британия Хитойни минтақа автономиясини ҳурмат қилишга чақирди, АҚШ эса қонун лойиҳасини «ҳалокатли қарор» деб атади.

Гонконг 1997 йилда Хитой таркибига қайтган. Хитой ва Гонконг ўртасида қабул қилинган қўшма декларацияга мувофиқ, автоном шаҳарга 50 йил муддат билан кенг имкониятлар берилган. Ушбу мавқеи туфайли Гонконг АҚШ билан алоҳида муносабатлар ўрнатган.

1 865
ЎзА