Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 11:52 Чоп этиш версияси

Халқаро мақом анжумани хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Халқаро мақом анжумани хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Юртимизнинг навқирон гўшаси – Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани давом этмоқда. Унда дунёнинг турли давлатларидан келган юзлаб қатнашчилар иштирок этмоқда. Фестиваль жараёни, унинг доирасида ўтаётган тадбир ва анжуманлар тафсилоти юртимиз оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда кўплаб хориж давлатлар ахборот манбаларида ҳам кенг ёритилаётир.

Жумладан, Россиянинг “МИР 24” сайтида “Ўзбекистонда мақом санъати Халқаро форуми иш бошлади” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Владимир Сероухов муаллифлигидаги мақолада мақом санъати, унга кўрилган тайёргарлик, иштирокчилар кўлами ва ижро йўналишлари, шунингдек, мусиқа байрами таассуротлари баён қилинган.

2.JPG

Муаллиф катта тантанага мезбон Шаҳрисабзнинг сўлим табиати, унинг қадимий ва кўҳна, боқий ва улуғвор тарихини ўзида гавдалантирган шаҳар манзаралари, илиқ ва дилга хуш ёқувчи муҳит, дастурхонларга тортилган ўзбек миллий таомлари, ошпазларнинг меҳмондўстлик борасидаги ўзаро беллашуви сабаб авжига чиққан меҳмоннавозлик ҳақида тўлқинланиб гапиради.

Халқаро мақом санъати анжумани шодиёналари Туркия нашрларининг ҳам кун мавзусига айланганини таъкидлаш ўринли. Хусусан, куни кеча “Yeni Şafak” газетасида “Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани бошланди” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

4.JPG

Мақолада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуман доирасида иштирокчилар олдида қилган чиқиши, нутқи ҳақида сўз боради. Фестивалнинг мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилаётгани, унинг ўзбек миллий мақом санъатини кенг миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни мумтоз куй-қўшиқларга ҳурмат руҳида камол топтиришда муҳим аҳамиятга эга эканига урғу берилади. Ушбу фестиваль дунёда мумтоз мусиқа шайдоларини бир жойга жамлаш орқали халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилгани алоҳида таъкидланади.

Зуҳра Мирзабоева, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА