ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Карантинга қайтиш: Қайси давлатларга яна чекловлар хавф солмоқда?

Карантинга қайтиш: Қайси давлатларга яна чекловлар хавф солмоқда?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жар солмоқда: Карантин тартиби юмшатилгач, Америка, Европа ва Яқин Шарқда коронавирус касаллиги миқдори яна кескин орта бошлади. Дунё бўйича вирус юқтиргани аниқланганлар сони 12 миллиондан ошиб кетди. Эпидемиологларнинг ишончи комил: ҳали бу чегара эмас. Шифокорлар чекловларни тиклаш кераклигини, акс ҳолда офатнинг иккинчи тўлқинидан қочиб қутулиб бўлмаслигини таъкидлашяпти. Қуйида ер юзининг қайси нуқталарида қайтадан комендантлик соати жорий этилаётгани ва бунга аҳоли қай тарзда муносабат бидираётганига эътибор қаратамиз.

Вирус билан эркакчасига курашмоқчи бўлди, афсуски...

"Вирус — фанатизм. Уни тоталитар услублар билан қўрқитишнинг иложи йўқ. У жуда айёр ва миллий иқтисодиётни ўлдиради, бироқ мен ҳақиқий эркак сифатида инфекциянинг жойини соламан!". — Бразилия президенти Жаир Болсонару ўз тарафдорлари, карантин жорий қилинишига қарши бўлганлар иштирокидаги митингда худди шундай ваъда берганди. Ҳис-ҳаяжонга йўғрилган нутқидан сўнг у йиғилганларнинг қўлини сиқди, айримларини бағрига босди, елкасига шапатилаб қўйди.

"Мен халқ орасидан чиққанман, мен — халқ билан, Сиз биланман", — дея бир неча бор такрорлади Болсонару.

Ёши улуғроқ нотаниш бир аёл оломон орасидан ажралиб чиқди-да, нотиқ билан кўришишга уринди. Президент эса унга ўзи яқинлашди ва кутилмаганда йўталиб қолди. Юзида тиббий ниқоби бўлмагани сабабли оғзини кафти билан ёпишга мажбур бўлди. Бир неча сониядан кейин давлат раҳбари шу қўлини аёлга узатди.

Болсонару халқини коронавирус ОРВИдан кўра хавфсиз эканига ишонтирмоқчи бўлди. Нафақат митинг иштирокчилари олдида, балки умуман, ҳимоя ниқоби ва ижтимоий масофа тушунчаларига нисбатан бутунлай беписанд қаради. АҚШ Мустақиллиги куни байрамини нишонлаш маросимида Бразилия етакчиси Америка элчиси билан ёнма-ён, бир стол атрофида ўтирди. Фотосессия чоғи Болсонару дамба-дам дипломатни қучоқлашга уринди.

Нафақат ғарбий ярим шарда, балки дунёда ҳудуди жиҳатидан энг йирик, аҳоли сонига кўра етакчи мамлакатлардан бири саналган Бразилия раҳбарининг бутун сайёрамизга хавф солаётган коронавирусга нисбатан бундай беписанд муносабати қандай хунук оқибатларга олиб келганини бугун ҳамма билади. Мамлакат аниқланган касаллар сони бўйича юритиладиган рўйхатда ва қурбонлар сонига кўра АҚШдан кейинги 2-ўринни мустаҳкамлаган. Энг ёмони, бир неча кун олдин президентнинг саломатлиги ҳам панд берди. Иситмаси кўтарилди, йўтал безовта қила бошлади. Ва ниҳоят Болсонарудан олинган коронавирус тести мусбат натижа берди.

Ушбу хабар бразилияликларда турлича ҳис-туйғуларни уйғотди. Журналистлар брифингларда ниқобсиз сўзга чиққани учун давлат раҳбарини судга бермоқчи бўлишди.

ЖССТ мутахассислари ҳам Болсонаруни жуда кўп танқид қилишди.

Айниқса, Бразилия харобаларида вазият жуда оғир. У ерларда аҳоли тест топшириш ёки бепул даволаниш имкониятидан маҳрум. Амазонияда ҳам аҳвол яхши эмас: шифокорлар, тиббий жиҳозлар, ҳимоя воситалари етарли эмас.

Шунга қарамасдан, Сан-Паулу ва Рио-де-Жанейро ҳукумати мамлакат иқтисодиётига қандайдир кўмак бериш мақсадида аста-секин карантин чораларини юмшатмоқда. Савдо марказлари, пляжлар, кинотеатр, музей ва гўзаллик салонлари ишлай бошлади. Штатлар губернаторлари шунчаки одамларни эҳтиёткорлик чораларига риоя қилишга даъват этишяпти, холос.

001 ракамли сурат.JPG

Америкача бефарқлик

АҚШда коронавирусга учрагани аниқланган фуқаролар сони уч миллиондан ошиб кетди. Бу борадаги кўрсаткич бўйича штатлар ўртасида аввалгидек Нью-Йорк етакчи — 404 минг. Бу рақам Калифорнияда 304, Флоридада 244, Техасда 241 мингни ташкил этган.

"АҚШ жуда улкан мамлакат. Инфекция ўчоғи турли минтақаларда – штатлар, шаҳарларда турлича намоён бўлади, касаллик урчиши даражаси, суръати ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади", — дейди АҚШ Бош юқумли касалликлар шифокори Энтони Фаучи.

Ҳозирча вирус тарқалиши ҳолатлари камайиши 50 штатдан бор-йўғи 11 тасида кузатиляпти. Чеклов чоралари бугунги кунга келиб фақат 3 та - Висконсин, Миссури ва Аляска штатларида бекор қилинди. Калифорния, Канзас, Техас, Шимолий Каролина, Аризона, Юта ва Флоридада, аксинча, карантин,қайтадан кучайтириляпти. Барлар, спорт заллари, театрлар, аквапарклар ёпилмоқда.

Мустақиллик куни ҳам, қайсидир маънода, вазият ёмонлашишига сабаб бўлди. Анъанага кўра, ушбу байрамда Америка халқи пляжларга боради, кечки базмлар уюштиради, барларда тўпланади, кўчаларда сайр қилади, мушакбозликни томоша қилади. Гарчи, пандемия авжига чиққан пайт бўлса-да, кўпчилик барибир анъанадан чекинмади.

Коннектикут, Нью-Жерси ва Жанубий Каролинада оломон кўчаларни тўлдириб байрам қилди. Уларнинг аксариятида тиббий ниқоб йўқ эди.

Бундай бефарқликнинг салбий оқибатлари ҳозирча намоён бўлганича йўқ, аммо шифохоналарда ҳар эҳтимолга қарши қўшимча жойлар тайёрлаб қўйиляпти. Бир неча кундан сўнг миллий байрамни кенг кўламда нишонлаганлар томонидан касалхоналар забт этилиши кутилмоқда.

002 ракамли сурат.JPG

Болқонда ковид-кризис

Болқон ярим ороли, аввалига, коронавирус нуқтаи назаридан Европанинг осойишта бурчаги сифатида намоён бўлди. Мазкур ҳудудда карантин апрель ойи охирларида ортга чекина бошлади, майда эса Черногория, Болгария, Хорватия давлатлари ҳукумати курортларга сайёҳларни чорлашга киришди.

Фақат Сербияда вазият мураккаблигича қолди, бироқ бу ерда ҳам май ойи адоғида парламент чекловларни камайтиришга қарор қилди. Серблар уйда ўтиравериб чарчаган эди. Депутатлар март ўрталарида амалга киритилган комендантлик соатини бекор қилишди. Нуронийларга сайр қилишга рухсат берилди, мактаблар, болалар боғчалари очилди. Президент Александр Вучич эса бундай қарорлар қабул қилишга ҳали эрта эканини айтиб, вируснинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади.

Хуллас, кутилмаган кутилган ҳолат барибир юз берди – зарарланиш билан боғлиқ статистика яна юқорига ўрлади: ҳозир кунига 300 дан зиёд бемор аниқланяпти. Май ойи охирларида ушбу кўрсаткич уч баравар кам эди. Бугунги кунда мамлакатда вирус юқтирганлар расман 17 мингдан ортиқ. 352 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди.

Бу гал Вучич парламентарийларга қулоқ тутмай, ўзи ҳаракатга тушди. Президент мамлакатнинг йирик шаҳарларида беш кишидан ортиқ тўпланишни тақиқлади. Айрим кафе, ресторан, фитнес-клублар яна фаолиятини тўхтатди. Бу ҳам етарли бўлмади ва давлат раҳбари комендантлик соатини қайтадан жорий қилди.

Айни қарорлар, табиийки, кўпчиликка ёқмади. Пойтахт Белград шаҳри аҳолиси кўчаларга чиқди, норозилик, тартибсизликлар бошланди. Намойишчилар полиция маҳкамаларига ҳужум уюштиришди, парламент биносига бостириб киришди, 3 та полиция автомобилини ёқиб юборишди. Президент эса барибир ўз қарорларини бекор қилмади.

Минтақадаги бошқа баъзи давлатлар - Шимолий Македония, Болгария ва Руминия ҳам шу кунларда Сербиядан ўрнак олиб, чегараларни қайтадан ёпишни ўйлаб қолишди.

003 ракамли сурат.JPG

Яқин Шарқ аро йўлда

Исроил биринчилардан бўлиб, март ойидаёқ хорижликлар учун ўз сарҳадларини ёпганди. Мамлакатдаги йирик корхоналар, маъмурий идоралар, кўнгил очар мажмуалар фаолияти тўхтатилди. Фуқароларга зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик тавсия этилди.

Натижада вируснинг жилови қўлга олинди ва май ойига келиб чекловлар юмшатилди. Кафе, ресторан ва спорт заллари очилди. Мактаб ўқувчилари ва талабалар ўқиш жойларига қайтишди.

Ҳукумат инфекция устидан ғалаба қозонилганини эълон қилишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, кутилмаганда, июннинг ўрталарида яна бир “чақмоқ чақди”. Май ойида Исроилда касалланганлар сони 16 минг эди, бугунги кунга келиб бу рақам 33 мингга чиқиб кетди. Кунлик ўсиш мингдан зиёд.

Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат фаолияти самарасиз, дея баҳоланмоқда.

"Биринчи тўлқин даврида биз ўзимизнинг профессионаллигимизни кўрсата олмадик, аксинча, масъулиятсиз кишилар эканимиз аён бўлиб қолди. Коронавирус тарқалишига жавобан жуда суст ҳаракатландик, натижада бугунги кунга келиб барча натижалар ҳавога учди", — деб ёзди ижтимоий тармоқ орқали Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамоат саломатлигини асраш хизмати раҳбари Сигаль Садецки. Мулозим шу сўзларни айтгач, истеъфо берди.

004 ракамли сурат.JPG

Фаластинда ҳам COVID-19 билан боғлиқ вазият яхши, дея олмаймиз. Автономия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, инфекция юқтиргани қайд этилганлар — 4 минг атрофида. Энг қизиғи, уларнинг ярмидан кўпи хасталикка май ойи охирларида, яъни қатъий чекловлар бекор қилингандан кейин дучор бўлди. Айни пайт шифохоналарда жой етмаяпти. Иккинчи тўлқин кўтарилишининг олдини олиш учун ҳукумат Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида жойлашган барча аҳоли турар жойларини ёпиб қўйди, транспорт ҳаракати тўхтатилди.

Эронда беморларнинг умумий сони 300 мингга яқинлашган. Бу рақам ҳар куни тахминан 2,5 мингга ошяпти. Мамлакатда 12 минг фуқаро ушбу касаллик туфайли ҳаёт билан видолашди.

Теҳрон май ойи ўрталарида мамлакатда иқтисодий вазият оғирлашгани сабабли карантин тартибини юмшатган эди. Ғарб, ҳатто пандемия даврида ҳам бекор қилмаган санкциялар шароитида одамларни узоқ вақт уйларига қамаб қўйишнинг иложи бўлмади. Ҳозир фуқаролардан талаб қилинаётган асосий нарса ҳимоя ниқобини тақиш ва оралиқ масофани сақлаш. Афсуски, бугунги кунда эронликларни нафақат коронавирус, балки тирикчилик ўтказиш учун қаерда ва нима иш қилиш ташвиши ҳам безовта қилмоқда.

Минтақадаги Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва Ироқ каби давлатлар ҳам қайтадан карантин чекловларига мурожаат қилишяпти. Ушбу мамлакатларда вазият яна ёмонлашгани боис, ғарб давлатлари элчихоналари ходимлари вақтинча ўз юртларига қайтиб кетишни маъқул кўришди. Улар қачон ва қандай қилиб яна ўз вазифаларини бажаришда даом этишади, буниси номаълум. Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмаяпти.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.


4 715
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА