ЎзА Ўзбек

06.04.2020 Чоп этиш версияси

Карантинда ижод қилган машҳурлар

Карантинда ижод қилган машҳурлар

Айни пайтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида жорий этилган карантин кўпчиликни бир томондан хавотирга солса, бошқа томондан эртанги кунга нисбатан ишончсизлик ҳиссини уйғотмоқда. Бироқ, ўтмишга чуқурроқ назар ташланса, инсоният тарихида доим такрорланиб турган бундай офатлар уни ҳеч қачон енга олмаган.

матназар 1.jpg

Германиянинг “Дойче велле” (“Немис тўлқини”) агентлиги тарихда машҳур инсонлар вабо, ўлат, безгак ва бошқа турли юқумли касалликлар даврида жорий этилган карантин вақтидан қандай унумли фойдаланганликлари ҳақида қизиқарли мақола эълон қилди. 

Мақолада ёзилишича, машҳур рус шоири Александр Пушкин 1830 йили Россияда безгак эпидемияси тарқаган пайтда пандемиядан сақланиш мақсадида бир неча ойга Болдино қишлоғидаги дала ҳовлисига кўчиб ўтади. Пушкин тушликкача мириқиб ухлаб, куннинг иккинчи ярмида ижод билан шуғулланади. Унинг ижоди шунақа сермаҳсул бўладики, машҳур “Моцарт ва Сальери” пьесаси, “Белкин қиссалари” каби барҳаёт насрий асарлари, ўттиздан ортиқ шеъри айнан шу даврда юзага келади. Шоир машҳур “Евгений Онегин” асарининг сўнгги якунловчи бобларини ҳам карантин вақтида дала ҳовлисида ёзиб тугатади. Шу сабабли бу давр Пушкин ижодида “Болдино кузи” номи билан ёрқин из қолдиради.

матназаар 2.jpg

1918 йилда Европа бўйлаб испан гриппи эпидемияси тарқалади. Пандемиядан ваҳимага тушган норвегиялик машҳур рассом, экспрессионизм йўналишининг дастлабки намояндаларидан бири Эдуард Мунк касалликка чалинган беморлар тасвирланган суратлар чизиб, уларни алоҳида хонада қолдиради, ўзи эса бошқа хонага ўтиб ўзини ўзи изоляция қилган ҳолда ижод қилишда давом этади, шу тариқа ўзининг машҳур асарларини яратади, деб ёзади немис журналисти.

Мақола муаллифи Сабине Олце инсоннинг ёлғиз қолиши ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бунга таниқли француз физиги Блез Паскалнинг қарашларини ибрат қилиб келтиради. Паскаль 1657 йилда ёзган “Pensées” (“Фикрлар”) номли қайдлар тўпламида шундай дейди: “Инсонларнинг бахтсиз, омадсиз бўлишига сабаб, уларнинг уйда қола олмаслигидадир”. Француз олими динга эътиқод қилувчи, художўй инсон бўлган. Унинг фикрича, инсоннинг ўз уйида, кулбасида ёлғиз қолиши Яратган билан мулоқот қилиш учун айни муддаодир.

матназар 4.png

Шу ўринда, муаллиф замонамизнинг машҳур инсонлари, адиблари, санъаткорлари карантин вақтидан қандай фойдаланаётгани ҳақида ҳам мисоллар келтириб ўтади.

Жумладан, Францияда коронавирус авж олаётган бир пайтда, француз адабиётида “Корона кундаликлари” номли янги адабий жанр шаклланмоқда. Мисол тариқасида, бестселлер асарлар муаллифи, замонавий француз адиби Лейла Слимани атроф-муҳит, табиатнинг уйғониши мавзусидаги ҳикояларини “Ле Монде” кундалик газетасида ўқувчилар билан улашиб келмоқда. “Карантин – бу ижод учун кутилмаган бахтли тасодифдир”, дейди ёзувчи.

Шунингдек, Европада таниқли немис-рус пианиночиси Игорь Левит ҳам пандемия вақтида мухлислари кўнглини олиш мақсадида ҳар куни оқшом интернет орқали уйдан туриб жонли концерт бермоқда. Мусиқачи бу орқали қийин вақтларда ҳам мухлислари билан қалбан яқин бўлишни ўз концертлари орқали ифодалашини таъкидлаган.

Муаллиф мақола сўнгида таниқли рус режиссёри Кирилл Серебренниковнинг жорий йил март ойида мухлисларга йўллаган видеомурожаатидан иқтибос келтиради:

“Тождор пандемияси вақтида китоб мутолаа қилинг, кундалик юргизинг ва ўз кечинмаларингизни ёзиб боринг, спорт билан шуғулланинг, уй ишларига ёрдамлашинг, дўстларингиз билан суҳбатлашинг. Энг муҳими, “карантин”, “изоляция” деган сўзларни унутинг. Бу вақтни таътил ёки янги ишларни бошлаш учун куч тўплаш вақти деб билинг”, дея якунлайди журналист. 

“Дойче велле” хабари асосида Баҳриддин Асланов тайёрлади



2 362
ЎзА