ЎзА Ўзбек

23.05.2018 18:20 Чоп этиш версияси

Карачида фавқулодда иссиқ ҳарорат сақланиб турибди

Карачида фавқулодда иссиқ ҳарорат сақланиб турибди
Бир неча кундан буён Карачида фавқулодда иссиқ об-ҳаво шароити ҳукмрон. Метеорологлар пайшанба кунга қадар шундай ҳарорат сақланиб туришини айтишмоқда. 

The Guardian нашрининг хабар беришича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли ҳалок бўлганлар сони 65 кишидан ортган.

Ҳайрия ташкилотлари томонидан Покистоннинг порт шаҳри Карачида иссиқдан азият чекаётганларга узлуксиз равишда ичимлик суви тарқатилмоқда. 
Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, 15 миллион аҳолига эга шаҳар ҳудудининг атиги 7 фоизини яшил майдон ташкил этиши ҳам вазиятни кескинлаштирмоқда. 

Карачи шаҳар маъмурияти ҳозирча вафот этганлар сони бўйича маълумотни тасдиқламаган. Аҳолига кўчага чиқмаслик ҳамда тез-тез сув ичиб туриш тавсия этилмоқда. 
Бундай аномал иссиқлик қўшни Ҳиндистоннинг Махарашта штатида ҳам кузатилмоқда. Бу ерда ҳарорат душанба куни +47 даражагача кўтарилган. Ҳукуматнинг ўтган йили эълон қилган расмий маълумотига кўра, 1992-2005 йиллар оралиғида Хиндистонда кучли иссиқ туфайли 22 000 дан кўпроқ аҳоли нобуд бўлган. 


Н. Тошпўлатова, ЎзА
6 505