ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Канада таълим тизими муваффақиятининг сири нимада?

Канада таълим тизими муваффақиятининг сири нимада?

Мамлакатимизда таълимни ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бирига айланган бугунги кунда келгусида ўтказилиши режалаштирилаётган PISA баҳолаш дастурида 85 давлат қаторида Ўзбекистон ҳам илк маротаба иштирок этади. Бу жараёнда ўқувчиларнинг тайёргарлиги билан бирга, халқаро тажрибани ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. 

Шу боис таълим соҳасидаги энг илғор етакчи давлатлар Цингапур, Эстония, Канада, Финляндия ҳамда Шанхайнинг тажрибалари билан танишиш мақсадида PISA ва PIAAC тадқиқотларининг кўп йиллик таҳлилларига асосан халқаро экспертлар, тадқиқотчилар мулоҳазаларига ҳамда PISA дастурининг асосчиси ва координатори, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Таълим департаменти раҳбари Андреас Шляйхернинг хулоса ва таҳлилларига мурожаат этдик. 

PISA кўрсаткичлари бўйича ўқиш саводхонлигидан 3-ўринни эгаллаган, математика ва табиий фанлар бўйича ўнталикка кирган Канада энг самарадор мамлакатлардан бири бўлди. 

Канада таълим тизимининг ўзига хос хусусияти – бу ижтимоий-иқтисодий омилларга қарамай тенг таълим имкониятларини тақдим этишга кучли эътибор қаратиш ва ҳар бир ўқувчини, шу жумладан, иммигрантларнинг болаларини ҳам, юксак натижаларга эриштиришга интилишдир. 

Бошқа мамлакатлар билан қиёслаганда яхши ва кам таъминланган оилалардан чиққан болаларнинг натижалари ўртасидаги фарқ катта эмас. Канада мактабларида иммигрант оилалардан чиққан болалар жуда кўп ва уларнинг натижалари шу ерлик болаларнинг натижаларидан у қадар фарқ қилмайди. Канада таълим дастурига турли маданиятларнинг элементлари киритилади ва ўқувчилар ўқишнинг биринчи куниданоқ оламга турли нуқтаи назардан қарашга ўрганадилар. 

Канаданинг PISA тадқиқотидаги натижалари – бу бутун мамлакатнинг натижасидир, бироқ унинг тизими ўз таълим йўналишига эга бўлган провинция ва ҳудудлар тизимларидан ташкил топган. PISA натижаларидан келиб чиқиб, савол туғилади: таҳлил қилиш мумкин бўлган ягона федерал таълим тизими бўлмаса, Канаданинг муваффақияти қандай изоҳланади? 

Юксак марказлашиш ва назорат даражасига эга илғор таълим тизимлари бор, Канада таълим тизимида эса жавобгарлик тақсимланади, бироқ бундай ёндашув ҳам ўз мевасини беради, дея тахмин қилишга асос етарли. 

Канада мактабларининг PISA рейтингида эришган муваффақиятидан ташқари мамлакатда олий маълумотга эга катта ёшли кишиларнинг улуши ҳам жуда юқори. Ўқимишли миллатнинг яна бир билвосита исботи шуки, канадалик ёшлар кўнгил ёзиш учун бошқа мамлакатлардаги тенгдошларига нисбатан тез-тез китоб ўқийдилар. 

Хўш, Канада таълим тизими муваффақиятининг сабаби нимада? 

Юқори натижага эга кўпчилик мамлакатларда бўлгани каби педагогика олий ўқув юртига кириш осон эмас – кириш имтиҳонларининг ўтиш чизиғи баланд. 

Канада тажрибаси таълим даражасини оширишга ягона ёндашув мавжуд эмаслигини, ҳатто мактабларда иммигрант-болалар сони бошқа ривожланган мамлакатлардагига қараганда анча кўп бўлишига қарамай, кўпчилик мамлакатларнинг ҳавасини келтириб, таълимда юқори натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади. 

Дилшода Норбоева, 
Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари. 

5 010
ЎзА