ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Камбожада яшин урган уйда 6 киши ҳалок бўлди

Камбожада яшин урган уйда 6 киши ҳалок бўлди

Камбожанинг Баттамбанг провинциясида яшин чақнаб, бир хонадонда 6 одам қурбон бўлди, яна 4 инсон жароҳат олди. 

Бу ҳақда “Khmer Times” газетасининг интернет-саҳифасида хабар берилган.

Чақмоқ зарбаси уйга пайшанба куни маҳаллий вақт билан 18.00да келиб урилган. Фожиа юз берган чоқ 10 кишидан иборат оиланинг барча аъзолари эндигина кечки овқатга ўтиришган эди, дейилади ахборотда.

Фалокат туфайли 6 нафар фуқаро воқеа жойида бевақт оламдан кўз юмди, яна 4 кишига турли даражадаги тан жароҳати етди. Ярадорлар маҳаллий давлат шифохонасига олиб кетилди.

Камбожа ва ушбу мамлакатга чегарадош Жанубий Осиёнинг бир қатор давлатларида сентябрь – ёмғир мавсуми авжига чиқадиган ой ҳисобланади. Бу даврда, деярли, ҳар куни сел қуяди, момақалдироқ гумбирлаб,чақмоқ чақади.

Шу кунларда минтақада аста-секин кучли бўронга айланадиган тропик шамол қутура бошлади. "Ноул", деб номланган, Жанубий Хитой денгизи узра пайдо бўлган мазкур табиий офат бугун тонгги соат тўртлар атрофида Вьетнамдаги қирғоққа ҳужум қилди. Довул оқибатида ҳосил бўлган сел ва яшин Вьетнамдан ташқари қўшни Лаос, Камбожа ва Таиландга етиб борди. 

Синоптиклар табиатнинг бу инжиқлиги Марказий Вьетнамнинг каттагина ҳудуди, Марказий Лаос, шунингдек, Камбожанинг бир қисми ҳамда Таиланднинг шимоли ва шимоли-шарқини эгаллаши мумкинлигини тахмин қилишган. Шанба куни эса Таиланднинг шарқий провинциялари ва ҳатто, пойтахт Бангкокни ҳам забт этиб, мамлакатда шаррос ёмғир қуйиши, кучли довул, яшин кузатилиши айтилган.

Прогнозларга кўра, табиий ҳодиса қуршовида қоладиган барча минтақа ва ҳудудларда сел ҳосил бўлиб, қирғоқдан тошиши, тоғли жойларда кўчки рўй бериши эҳтимоли бор.

1 892
ЎзА