ЎзА Ўзбек

17.06.2019 Чоп этиш версияси

Кам таъминланганларга 1400 доллардан ажратилади

Кам таъминланганларга 1400 доллардан ажратилади

Қирғизистон Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги “Кам таъминланганларга ва кам таъминлаган оилаларга ижтимоий Битим асосида бир марталик ижтимоий ёрдам тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Лойиҳага кўра, қашшоқликни бартараф этиш мақсадида кам таъминлаган оилаларга 100 минг сомдан (1400 долларга яқин) ажратиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 1 августидан 2022 йилнинг 31 декабрига қадар амал қиладиган мазкур Битим асосида кам таъминланганлар ва кам таъминланган оилаларга бир марталик ижтимоий ёрдам тўғрисидаги вақтинчалик Қоида тасдиқланиши таклиф қилинмоқда.

“Вақтинчалик қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳар йили Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги бюджетига 300 миллион сом (4,3 миллион долларга яқин – Муҳ.) ажратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари учун янги иш ўринларини яратган тадбиркорларга бир марталик беғараз маблағ ажратилади.

Ҳужжат қабул қилинса, Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари кам таъминланган оилалар билан ўзаро Битим имзолайди. Ҳужжатга кўра, оила ўз зиммасига бир қатор мажбуриятларни олади, вазирлик эса ёрдам беради.

“Масалан, оила ўзининг шахсий томорқа хўжалигида иш жорий қилади ёки кичик бизнес очади ёки оила аъзоларидан кимдир қайта малака оширади ва оиласини барқарор даромад билан таъминлайди. Пул оиланинг фаол ҳаракати учун берилади”, – дея таъкидлайди вазирлик.
Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилда бир миллион 429 минг киши қашшоқликда яшаган, уларнинг 68 фоизини қишлоқ жойлардаги аҳолиси ташкил қилган.

2 044
ЎзА