ЎзА Ўзбек

15.10.2018 14:39:47 Чоп этиш версияси

Италиянинг Риаче шаҳридан муҳожирлар чиқариб юборилиши мумкин


Италия ички ишлар вазири Маттео Сальвинининг мамлакат Жанубидаги Риаче шаҳридан юзлаб муҳожирларни чиқариб юборишга қаратилган ҳукумат қарорини ҳимоя қилган ҳолда, давлат маблағларини суиистеъмол қилишни тўхтатиш зарурлиги қайд этилган баёноти euronews томонидан эълон қилинди.

Мамлакатнинг Калабрия ҳудудида жойлашган Риаче шаҳри унинг мэри Доменико Лучано ноқонуний муҳожирларни қўллаб-қувватлашда айбланиб, октябрь ойи бошларида ҳибсга олингач, дунё афкор оммаси эътиборида бўлиб келмоқда.

Ҳукумат қарорига қарши ўлароқ Доменико Лучано муҳожирлар мамлакатни тарк этмасликларини маълум қилган.

– Уларнинг оилалари, ёш болалари бор. Бу инсонларнинг шундоғам силласи қуриган. Аксарияти кетишни исташмайди, борар жойлари ҳам йўқ, – дейди шаҳар мэри.
Мамлакат ички ишлар вазири Маттео Сальвини эса қочоқлар келгуси ҳафтада бошқа марказларга жўнатилишини маълум қилган.