ЎзА Ўзбек

04.04.2020 Чоп этиш версияси

ИТАЛИЯ: рақамлар яхшиланган, касалхоналар бироз бўлса-да “нафас” олмоқда

ИТАЛИЯ: рақамлар яхшиланган, касалхоналар бироз бўлса-да “нафас” олмоқда

Коронавирус пандемиясининг энг кучли “ҳужуми”га учраган мамлакатлар орасида Италия Европада етакчи бўлиб турибди.

La Stampa нашрининг хабар беришича, таълим даргоҳлари ўқув йили охиригача очилмайди. Италия Таълим вазирлиги мактаб ва университетларни сентябрь ойида очишни кўзда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиққан, ушбу лойиҳа вазирларнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.

Мактаб ва олий таълим муассасаларининг 18 майгача ёпилганини ҳисобга олсак, демак ўқувчилар бу йил имтиҳонларни масофадан туриб, оғзаки тарзда топширишига тўғри келади. Имтиҳондан йиқилганлар эса сентябрда қайта топшириши мумкин бўлади, деб ёзмоқда La Stampa.

Масофавий давлат имтиҳони жавоблари қонуний кучга эга бўлиши учун ҳукумат тузган комиссия томонидан текширилади.

Маълумот учун: 3 апрель ҳолатига кўра Италияда вирус юқиши 4 фоизга камайган, бироқ ўлим ҳолати ҳамон юқорилигича қолмоқда. Сўнгги бир сутка давомида 766 нафар киши “тождор” вирусдан вафот этиб, ўлимлар сони 14 минг 681 тани ташкил этган.

Шифокорлар Италия COVID-19 пандемиясининг энг юқори чўққисидан март ойида ўтиб олгани, бундан буёғига кўрсаткичлар фақат пасайиб боришига умид билдирмоқда.

Айни пайтда мамлакатда вирусдан соғайганлар касалланганларнинг 17,3 фоизини, яъни 19 минг 758 кишини ташкил қилмоқда.

Коронавирус юқиши бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилган Ломбардия шимолида ҳам аҳвол бироз ўнгланган. Ломбардия соғлиқни сақлаш масалалари маслаҳатчиси Жулио Галлеранинг сўзларига қараганда, “рақамлар яхшиланган, касалхоналар озгина бўлса-да нафас ола бошлаган”.

Таъкидлаш жоизки, “тождор” вирус итальян тиббиётини “довдиратиб” қолмай, мамлакат иқтисодиётига ҳам қаттиқ зарба берди. Ҳисоб-китобларга кўра, туризм соҳасидаги инқироз мамлакат бюджетига тушумнинг камайишига сабаб бўлган, вирусдан, айниқса, меҳмонхона ва ресторанлар катта зарар кўрган.

Бугунги кунда Европа давлатлари ичида иқтисодий ҳаёт тўхтаган мамлакат айнан Италия бўлиб турибди. Бу ерда 12 мартдан эътиборан дорихона ва супермаркетлардан ташқари барча корхона ва муассасалар ёпилган.

Ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси (Confindustria) маълумотига кўра, агар пандемия май ойида ҳам давом этадиган бўлса, ишлаб чиқариш ҳажми 6 фоизга камайиб кетади. Карантин шароитида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳар ҳафтада 0,75 фоизга тушиб бормоқда.

1 261
Маҳфуза Ортиқова, ЎзА